Алмазбек Атамбаев: “Ўзбекистон Қамбарота-1 ГЭС масаласида сиёсий ўйиндан қўрқмоқда”

    Ktrk.kg
    Ktrk.kg

    Бугун Бишкекда Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбаев йил якунларига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди. Унда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан бир қаторда, қўшни мамлакатлар билан боғлиқ масалалар ҳақида ҳам  сўз борди.

    “Бишкек оқшоми” газетасининг Президент сўзларига таяниб ёзишича, Ўзбекистон Қамбарота- ГЭС масаласида Ўзбекистон сиёсий ўйинлардан қўрқмоқда.

    Қирғизистон раҳбарининг маълум қилишича, ГЭС қуриш бўйича лойиҳа охиригача етказилади.

    “Ўзбекистон сиёсий ўйинлардан қўрқмоқда. Мен яқинда уларга ана шу қўрқув кетиши учун лойиҳада иштирок этишни таклиф қилдим. ГЭСнинг лойиҳаси Тошкентда вегетация даврида Ўзбекистон ва Қозоғистон қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган”, — деди Атамбаев.

    Президентга кўра, ГЭСдан фойда борлигини Қозоғистон англаб етган. “Ўзбекистон эртами-кечми, албатта, буни тушунади”, — деб ишонч билдирди Қирғизистон президенти.

    Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 68-сессиясидаги нутқида Марказий Осиёнинг икки йирик трансчегаравий дарёси — Амударё ва Сирдарё сувларидан оқилона фойдаланиш масаласига эътибор қаратган эди. «…Тожикистон ва Қирғизистоннинг йирик тўғонли янги улкан ГЭСларни, хусусан, Амударёнинг юқори оқимида 350 метр баландликдаги тўғонли Роғун ГЭСи ва Сирдарёнинг юқори оқимида 275 метр баланд тўғонга эга Қамбарота ГЭС-1ни қуриш режалари бизни хавотирлантирмасдан қўймайди», — деди вазир.

    Абдулазиз Комиловнинг экспертлар фикрига таяниб айтишича, бундай ёндашув дарёларнинг табиий оқими бузилишига ҳамда ўта хавфли экологик ва социал-иқтисодий оқибатларга олиб келади.

    Вазир трансчегаравий дарёларнинг юқори оқимида манфаатдор мамлакатлар билан келишмаган ҳолда гидроэнергетик иншоотларни қуришга йўл қўйиб бўлмаслигини қайд этди. Абдулазиз Комилов янги гидроиншоотларнинг дарёлар табиий оқимига, атроф муҳитга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эҳтимолий таъсирини баҳолаш учун БМТ шафелигида Роғун ва Қамбарота-1 ГЭСларини холис халқаро экспертизадан ўтказиш зарурлигини қатъий таъкидлаб ўтди.