Мисрнинг янги конституцияси: тарғибот учун суратлар Google’дан олинди

REUTERS
REUTERS

Мисрда “Барча мисрликлар конституцияси” шиори остида янги кампания бошланди. Мамлакатда ҳарбийлар томонидан Муҳаммад Мурсий бошчилигидаги “Мусулмон биродорлар” партияси ҳокимияти ағдарилгач, янги конституцияни ишлаб чиқиш бўйича ишлар бошлаб юборилган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, келаси йилнинг 14-15 январь кунлари Мисрда янги конституция бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтади.

Бундан аввалги Конституцияни ишлаб чиқишда кенг аҳоли қатламлари жалб қилинмаганлиги ҳақида эътирозлар билдирилган эди. Шу боис вақтинчалик ҳукумат янги конституция лойиҳасини имкон қадар кенг халқ иштирокида илгари суришга ҳаракат қилмоқда.

The Telegraph газетасининг ёзишича, янги конституция бўйича чоп этилган баннер мисрликлар орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди. Гап шундаки, ушбу баннерда ишлатилган суратлар барча мисрликларни ўзида намоён этиши керак эди. Аммо уларнинг аксарияти ғарбликлар суратлари бўлиб чиқди.

Яъни баннерда беш кишининг сурати ишлатилган бўлиб, уларнинг уч нафари умуман мисрликларга ўхшамайди. Суратда ҳижоб ёки рўмол ўраган мисрлик аёллар ёки мисрлик эркакларга хос муйлов ёки соқолли кишилар учрамайди. Баннер ижодкорлари бугунги технологиялар суратларнинг аслини аниқлашда катта ютуқларга эришаётганидан бехабар, шекилли. Негаки, улар, ҳақиқатда ҳам, Мисрда олинмаган.

Дейлик, ишбилармон кийимидаги аёлнинг сурати Getty Images агентлиги томонидан олинган. У ишлатишга текин бўлиб, яқинда Ирландия ишбилармон аёллар сайтида жойлаштирилган. Шифокорнинг сурати ҳам инглиз тилидаги мақолада фойдаланилган. Галстук тақиб олган эркак киши сурати эса Америкада Даун синдромига оид рекламада қўлланилган.

Аслида ўша бешта суратни ҳам Google Images орқали “doctor” (шифокор), “businesswomen” (ишбилармон аёл), “Down Syndrome Man” (Даун синдромига чалинган одам), “Egyptian soldier” (мисрлик аскар), “Fellah” (деҳқон) деб изласа, бемалол топиш мумкин.

Шуни қайд этиш керакки, ўтган ҳафта Миср вақтинчалик ҳукумати 50 киши махсус қўмита томонидан тайёрланган конституция лойиҳасини эълон қилди. Собиқ ташқи ишлар вазири, Араб давлатлари лигаси бош котиби бўлиб ишлаган Амр Муса бошчилигидаги қўмита ишлаб чиққан конституция лойиҳасида кўп саволларга жавоб берилмаган. Масалан, биринчи президент ёки парламент сайловини ўтказиш масаласи ҳал қилинмаган.

Шанба куни Мисрнинг вақтинчалик президенти Адли Мансур конституция бўйича референдум 2014 йилнинг 14-15 январь кунлари бўлиб ўтишини маълум қилди. Қўмита раиси Мусанинг тахмин қилишича, конституция лойиҳасини сайловчиларнинг 70-75 фоизи қўллаб-қувватлайди. Қўмита раиси баннер ҳақида фикр юритиб, унинг қаердан пайдо бўлганини билмаслигини айтди. “Тадбиркорлар томонидан молиялаштирилган бўлса керак”, — деди у журналистлар саволига.

Мутахассисларнинг фикрича, Миср ҳукумати баннерни тайёрлайдиганларга битта талаб қўйган. У ҳам бўлса, уларда дин аломатлари имкон қадар камроқ кўринсин. Бунинг замирида кўринмас хоҳиш ва истаклар мужассам, аслида.