Ғарб Сурияда чекинишни афзал билмоқдами?

430804_1

Хабарингиз бор, Сурияда кимёвий қурол билан боғлиқ муаммо ҳал этилгач, қолаверса, Женева-2 конференцияси бўйича тайёргарлик жараёнлари  Ғарб мамлакатларининг ушбу давлатга нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Негаки, Суриядаги мухолиф кучларни ҳам маънан, ҳам моддий қўллаб-қувватлаб келган айрим давлатларнинг кутилмаганда позицияси ўзгариб қолди. Дастлаб Франция ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус бу ҳақда баёнот бериб, АҚШ ва Европа мамлакатлари ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган “радикал мухолифат” “жиддий қийинчиликларга дуч келаётгани”ни тан олди. Ўтган ҳафта эса АҚШ ва Буюк Британия вакиллари айнан “радикал мухолифат” вакилларини қўллаб-қувватлашни тўхтатишини маълум қилди.

Франция ташқи ишлар маҳкамаси раҳбарининг бу борадаги сўзлари ҳам ўз вақтида Ғарб томонидан Башар Ассад ҳукуматига муқобил ҳукумат сифатида тан олинган ҳамда қўллаб-қувватлашга қарор қабул қилинган Сурия инқилобий ва мухолифат кучларининг миллий коалициясига йўналтирилган ёрдам тўхтатилишидан далолатдир.

Монакода бўлиб ўтган халқаро конференцияда сўз олган Лоран Фабиус ярим чин, ярим ёлғон баёнот билан чиқиб, “Мен Сурия масаласида, афсуски, анча пессимистман. Ғарб мамлакатлари қўллаб-қувватлаётган радикал мухолифат жиддий қийинчиликларга дуч келган”, — деди.

Қийинчиликлар шундаки, Ғарб мамлакатлари ишонч билдирган Сурия озодлик армияси ўз нуфузини йўқотишда давом этмоқда.  Агар бундан икки йил бурун Сурия озодлик армияси мухолифатнинг кучли  гуруҳларидан бири бўлган бўлса, бугунги кунда бундай кучларнинг бор-йўғи 10-15 фоизи Сурия озодлик армиясига тегишли.

 Уларга нисбатан “Ал-Қоида”га алоқадор бўлган “Жибҳат-ан-Нусра”, “Ироқ ва Ливан ислом давлати” сингари тузилмалар кучайиб кетди.

Кузатувчиларнинг фикрича, мухолифат вакиллари Башар Ассад ҳукуматига қарши курашиш ўрнига бир-бири билан жой, таъсир ўрнатиш учун талашмоқда, янги нефть конларига хўжайинлик қилиш учун қон тўкишмоқда. Бу курашларда эса Ғарб мамлакатлари ишонч билдирган Сурия озодлик армияси жиддий йўқотишларга учрамоқда.

Айрим оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ўтган ҳафта Суриянинг Туркия билан чегарадош  Идлиб музофотида яқинда ташкил қилинган “Ислом фронти” альянси отряди томонидан Сурия озодлик армиясининг Ғарб мамлакатлари томонидан берилган қурол-яроғ омборининг эгалланиши вазиятнинг тубдан ўзгаришига сабаб бўлган. Шундан кейингина расмий Вашингтон ва Лондон улар бераётган қурол-яроғ “қайсар диний гуруҳлар” қўлига тушиб қолишини тан олиб, қурол-яроғ билан таъминлашни вақтинчалик тўхтатиб туришга қарор қабул қилди.

Туркия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Ғарб мамлакатлари махсус хизматлари вакиллари декабрь ойи бошида “Ислом фронти” лидерлари билан Анқарада норасмий учрашув ўтказишади. Бунга Қатар ва Туркия воситачилик қилади. Аммо воқеалар силсиласи шуни кўрсатдики, томонлар ўзаро тил топишмаган. Ушбу музокаралардан бир неча кун ўтиб “Ислом фронти” вакиллари қурол-яроғ омборига ҳужум қилиб Ғарб мамлакатларига шундай ишора қилишдики, улар Сурияда Ғарб манфаатлари билан ҳисоблашиб ўтирмайди.

Ғарб мамлакатлари ўз парламенти ва жамоатчилигини ишонтирган ҳолда Сурия озодлик армиясини қуроллантиришга базур йўл топаётган бир шароитда радикал гуруҳлар Форс кўрфазидаги ҳомийларидан истаганча маблағ ва қуролни олиб турибди.

Буларнинг барчасини, гарчи табиий жараёндек туюлса-да, Ғарб мамлакатлари томонидан стратегик мағлубиятни тактик йўллар билан омма кўзидан яширишга уриниш сифатида баҳолаш мумкин. Негаки, Россия дипломатияси самараси ўлароқ Сурия кимёвий қуроли масаласида Ғарб ён босишга ва Башар Ассад ҳукуматининг лигитимлигини тан олишга мажбур бўлди. Радикал гуруҳлар орқали ўзини бемалол оқлаб чиқиш учун ҳам асослар етарли. Шунинг учун вазиятдан ёруғ юз билан чиқишнинг муҳим омилларидан бири радикал гуруҳларни ёмонотлиқ қилишдир.

Мурод ҒОФУРОВ.

SHARE