Facebook’даги ўзбекистонликлар 2013 йилда қайси мавзуларда мушоҳада юритишди?

reyting_16122013

Facebook’нинг Ўзбекистонлик фойдаланувичилари йил давомида қайси масалаларни кўпроқ муҳокама қилишди? Brandbox Creative агентлиги Facebook’даги ўзбекистонлик фойдаланувчилар йил давомида энг кўп муҳокама қилган мавзулар ўнлигини тузиб чиқди. Kun.uz’нинг креатив-агентликнинг Фейсбукдаги саҳифасида хабар қолдирган махсус график материалга асосланиб хабар қилишича, Facebook’нинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари йил давомида энг кўп хабар алмашиш дастурлари (WhatsApp, Telegram) билан юзага келган муаммолар (10-ўрин), GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилиши кутилаётган янги автомобиллар (9-ўрин), футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўйинлари (8-ўрин), Севара Назархон (7-ўрин), 2012 йилда фаолияти тўхтатилган «МТС-Ўзбекистон» ўрнини ким эгаллаши ҳақидаги башоратлар (6-ўрин)ни муҳокама қилишган.

Энг кўп муҳокама қилинган мавзу ва шахслар рўйхатининг кучли бешлигини бензин билан боғлиқ муаммолар (5-ўрин) очиб берган, Россиядаги «Голос» танловидаги иштироки билан шов-шув кўтарган Наргиз Зокирова мавзуси 4-ўриндан жой олган. Бу мавзу “Vatandosh” ўқувчилари томонидан ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Хабарда келтирилишича, фавқулодда иссиқ келган 2013 йилнинг ёзи ижтимоий тармоқдаги муҳокамаларнинг учинчи ўрнидан жой олган.

Brandbox Creative вакилларининг фикрича, «Фонд Форум»нинг васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова 2013 йил давомида Facebook’даги ўзбекистонликлар орасида энг кўп муҳокама қилинган биринчи шахс, иккинчи мавзуга айланган. Йил давомида эса ўзбекистонлик Facebook фойдаланувчилари энг кўп мобил алоқа сифати билан боғлиқ муаммолар ҳақида фикр билдиришган, ижтимоий тармоқда асосан шу мавзуда муҳокамалар олиб боришган.

Агентлик ушбу рейтингни тузишда нималарга асослангани ҳақида маълумот бермаган. «Биз ўзимизда бир жасорат топиб, ўзбекча «Фейсбук»нинг 2013 йилги асосий мавзулари бўйича ҳисобот тайёрлашга қарор қилдик», – дейилади агентлик Фейсбукидаги хабарида.

SHARE