Ангела Меркелнинг “учинчи рейхи” бошланди

AFP 2013/ Johannes Eisele
AFP 2013/ Johannes Eisele

Бугун Германия парламенти — Бундестагида Ангела Меркель учинчи марта канцлер сифатида қасамёд қабул қилди. Умуман, 22 сентябрь куни бўлиб ўтган сайловлар натижалари асосида ХДС/ХСС блоки ва Германия социал-демократик партияси ҳукуматни шаклантириш учун “катта коалиция”ни тузишга келишиб олган эди. Шунинг учун бугун фақат расмий тадбирлар бўлиб ўтди. Германия Бундестагининг 621 нафар аъзосидан 462 нафари Ангела Меркель номзодини қўллаб-қувватлади.

Янги ҳукумат портфеллари учта партия: Ангела Меркелнинг Христиан-демократлар партияси  ва унинг бавариялик шериги Христиан-социал иттифоқи ва Меркелнинг сайловдаги асосий рақиби ва сайлов натижасига кўра коалициядаги ҳамкори бўлган Германия социал-демократлар партияси аъзолари ўртасида тақсимланди.

Ангела Меркель молия вазири лавозимида Вольфганг Шойблени сақлаб қолди. Қарийб 25 йилки ногиронлик аравачасида ҳаракатланадиган, қолаверса, 71 ёшда бўлишига қарамасдан у Европа Иттифоқидаги энг нуфузли сиёсатчилардан биридир.

Янги ҳукумат таркибидаги муҳим ўзгаришлардан бири, шубҳасиз, Ангела Меркелнинг “меросхўри” сифатида кўрилаётган Урсула фон дер Ляйеннинг мудофаа вазири этиб тайинланганидир.

Асли келиб чиқиши чор Россиясидаги магнатлардан бири Людвиг фон Кнопга бориб тақаладиган Урсула фон дер Ляйен бунгача Германия оила ва меҳнат вазирликларини бошқарган. Етти нафар боланинг онаси бўлмиш ушбу амалдор Германия тарихида мудофаа вазирлигини эгаллаган илк аёл бўлади. Гарчи ГФРда мудофаа вазирлигини ҳарбий бўлмаган шахслар бошқарса-да, аёл бошқармаган.

Фон дер Ляйен хоним бундесвер (қуролли кучлар)ни ислоҳ қилиши, Германия қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишини тўлиқ таъминлаши ҳамда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва мудофаа сиёсатини биргаликда ишлаб чиқишда иштирок этиши талаб қилинади.

Социал-демократлар эса вице-канцлер (Зигмар Габриэль), ташқи ишлар вазири (Франк-Вальтер Штайнмайер) лавозимларини қўлга киритишди. Экспертлар Штайнмайердан янги ташаббусларни кутиб қолишмоқда.