Нуқтаи назар: Ғарб нега Башар Ассад ҳокимиятини ағдариш ниятидан воз кечди?

Syria-wall_lightbox
Ғарб мамлакатлари Сурияда Башар Ассадга қарши кураш олиб бораётган мухолифат вакилларига келаси йилнинг январь ойида бўлиб ўтадиган музокараларда Башар Ассаднинг ҳокимиятдан четлатилишини талаб қилмасликларини маълум қилган.

Reuters’нинг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, ўтган ҳафта Лондонда мухолифат вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида шундай қарорга келинган. Сурия миллий коалицияси (мухолифат) мулозимларидан бирининг маълум қилишича: “Бизнинг ғарблик дўстларимиз Лондонда шуни аниқ-равшан айтишдики, ҳозирча Ассаднинг ҳокимиятдан кетишига розилик берилмайди. Чунки уларнинг фикрича, бу мамлакатда тартибсизлик ва диний радикал гуруҳларнинг чуқурлашишига олиб келади”.

Агентликнинг ўз манбасига таяниб хабар беришича, келаси йили Сурияда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Башар Ассаднинг иштирок этиш-этмаслиги ҳам Ғарб мамлакатлари томонидан шарт сифатида кўтарилмайди.
Шуни қайд этиш керакки, Сурияда тинчликка эришиш бўйича “Женева-2” халқаро конференцияси 2014 йилнинг 22 январь куни бўлиб ўтади. Даставвал мухолифат вакиллари мазкур конференцияда иштирок этишдан бўйин товлаётган бўлса-да, кейинчалик қатнашишга розилик билдиришган.

Reuters’нинг саудиялик дипломатга таяниб ёзишича, АҚШ ва Россиянинг ўзаро келишувлари асосида ўтказилаётган мазкур халқаро конференцияда мухолифат, албатта, иштирок этиши лозим.

“Башар Ассад кетиш ёки кетмаслигидан қатъи назар у ташқи босим остида ўз ҳокимиятини бошқа кучлар билан бўлишишга мажбур бўлади. Шу боис конференцияда мухолифат ўзининг нимага қодирлигини намоён этиши керак”, — дейди агентлик манбаси.

Унинг фикрича, агар мухолифат бу келишувдан воз кечадиган бўлса, нафақат таъсирдан қуруқ қолади, айни пайтда аксарият Ғарб мамлакатлари ҳам улардан юз ўгиради. Улар билан фақат Саудия Арабистони, Туркия, Ливия қолади.
Албатт, сўнгги пайтларда Сурия можаросида бундай ўзгаришларнинг юз беришини бир қатор омиллар билан изоҳлаш мумкин.

Биринчидан, Ғарб мамлакатларининг Сурияга нисбатан ҳарбий чора қўллашга доир саъй-ҳаракатлари ёки ниятлари Россия ва унинг ҳамкорлари томонидан асосли ҳамда конструктив таклифлар орқали бартараф қилинди. Масалан, АҚШ Башар Ассад томонидан тинч аҳолига нисбатан кимёвий қурол ишлатиш эҳтимолини йўққа чиқариш учун ҳаводан зарба беришини маълум қилган эди. Барак Обама ушбу масалада конгрессдан рухсат сўраган эди. Аммо Россия Сурия кимёвий қуролларини йўқ қилиш бўйича аниқ таклиф билан чиқди ва урушнинг олди олинди.

Иккинчидан, Сурияга ҳарбий аралашув масаласи консерватор сиёсатчилар ва ҳарбийлар томонидан қўллаб-қувватланган бўлса-да, кенг жамоатчилик, айниқса, сайловчиларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Чунки шу даврга қадар олиб борилган урушлардаги муваффақиятсизликлар аҳолида бундай урушларга нисбатан ишончни сусайтириб юборди. Ва албатта, демократик жамиятларда ҳокимият учун курашиш сайловчилар ишончини қозонишдан бошланади. Бу урушга интилган аксарият сиёсатчилар истиқболда сайловчилар дастагидан маҳрум бўлиб қолиши мумкин эди.

Учинчидан, Ғарб мамлакатлари ҳар томонлама ёрдам бераётган гуруҳлар (уларни мухолиф сифатида баҳолаш учун етарли далиллар йўқ)нинг борган сари кучсизланиб бораётгани, уларнинг ўз мавқеларини бирмунча радикал диний ва террористик гуруҳларга бериб қўяётгани ҳам Сурияга ташқаридан ҳарбий аралашиш тактикасини таҳдид остида қолдирди. Улар нафақат халқ орасида, балки ўз тарафдорлари орасида ҳаммаслакларини йўқотишда давом этмоқда. Қолаверса, мухолифатнинг кўзга кўринган ёрқин лидери йўқлиги ҳам Ғарб мамлакатларига муаммо туғдирмоқда.

Тўртинчидан, Сурияда Башар Ассадга қарши курашаётган гуруҳлар орасида жиноят, терроризм ва қўпорувчилик билан шуғулланадиган, ўзаро ер, мулк талашадиган тўдалар сони кўпайиб кетди. Улар Ғарб мамлакатларига умуман қулоқ тутмай қўйишди. Ўтган ҳафта Суриянинг Туркия билан чегарадош Идлиб музофотида “Ислом фронти” альянси отряди томонидан Сурия озодлик армиясининг Ғарб мамлакатлари томонидан берилган қурол-яроғ омбори эгаллаб олинади. Улар билан олиб борилган музокаралар ҳам самарасиз якунланди. Айнан мана шундай гуруҳлар ҳам Ғарбни таваккал қилмасликка ундади.

Бешинчидан, Башар Ассадга қарши кураш олиб бораётган тўдаларнинг хатти-ҳаракатлари умуминсоний ва демократик қадриятларга мутлақо зид кўриниш ола бошлади. Дейлик, айрим ҳарбий тўдалар томонидан асирларни қийноққа тутиш, одам органларини намойишкорона истеъмол қилиш, воқеани ёритаётган журналистларни гаровга олиш, қўлга тушган асирларни оммавий ўлдириш кўпайди. Бу ҳам Ғарб томонидан мухолифатни тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлашнинг хавфли томонларини кўрсатди.

Олтинчидан, албатта, Ғарб мамлакатларининг Яқин Шарқда стратегик манфаатлари бор. Вазиятни назорат қилиб бўлмаслиги уларнинг минтақадаги шериклари учун ҳам катта хавф туғдиради. Шу боис “ёмон бўлса-да”, Башар Ассад орқали вазиятни назорат қилиш ва шу йўл орқали халқаро кескинликнинг олдини олишга уринишмоқда.

Мурод ҒОФУРОВ.

SHARE