Швейцарияча “Утопия”

BBC
BBC

Томас Морнинг “Утопия” асарини кўпчилик ўқимаган бўлса-да, унинг асосий ғоясини яхши билишса керак. Швейцария аҳолисининг сўнгги ташаббуси ушбу мамлакатда ҳам Утопияни бунёд этишга қаратилган саъй-ҳаракат деб баҳолаш мумкин. Гап шундаки, шу кунларда швейцарияликлар иккита масалада референдум ўтказиш устида бош қотиришмоқда. Биринчиси, энг кам иш ҳақини белгилаш бўлса, иккинчиси, мамлакатнинг барча қонуний резидентларига ишлаши ёки ишламаслигидан қатъи назар универсал кафолатланган базавий даромад тизимини яратишдир.

Барча кафолатланган даромад бирмунча радикал туюлса-да, швейцарияликлар фикрича, бу мамлакатда адолатнинг қарор топишида жуда муҳимдир. Универсал базавий даромадни жорий қилиш тарафдори Энно Шмидтнинг айтишича, Швейцария нафақат Европада, балки дунёдаги бевосита демократия қоидалари амал қиладиган мамлакат ҳисобланади. “Бу тизимнинг маъноси шундаки, агар швейцарияликлар хоҳлашса, улар пивони текин қилиш учун ҳам овоз беришлари мумкин”, — Шмидт.

BBC’нинг ёзишича, мамлакат қонунчилигига кўра, умумхалқ референдумини ўтказиш учун ташаббус эгалари камида 100 минг имзо йиғишлари талаб қилинади.

Охирги пайтда швейцариялик сайловчилар мамлакатдаги воқеалардан жаҳли чиқишмоқда. Негаки, давлатнинг йирик банклари, хусусан, UBS ўзининг топ менежерларига улкан миқдорда мукофот тўлашда давом этмоқда, ваҳоланки, улар катта миқдорда зиён кўришаётганини ҳисоботларида кўрсатиб ўтмоқда. Буларнинг барчаси, шак-шубҳасиз, маош ва умуммиллий бойликларнинг адолатли тақсимоти ҳақидаги баҳс-мунозараларнинг қизишига олиб келди. Айнан шунинг учун 100 минг имзони йиғиш у даражада қийин кечмади.

 Ҳукумат универсал кафолатланган даромад тизимин жорий қилиш бўйича умумхалқ референдумини ўтказишнинг муддатини яқин кунларда эълон қилиши кутилмоқда.

Ушбу ташаббускорга қарши бўлганларнинг фикрича, бу тизим аҳолининг меҳнат маданиятига салбий таъсир ўтказиб, уларни боқиманда қилиб қўяди. Яна бир гуруҳ шахслар эса бу Швейцариянинг йирик компаниялари учун малакали кадрлар танқислигига олиб келишидан хавотир олишмоқда.

Шмидт эса буни тўлиқ инкор қилмоқда. Унинг айтишича, мазкур тизим ҳар бир швейцарияликка ҳар ой ўртача 2800 доллар тўланишини тақозо қилади. “Бу пул яхши яшаш учун эмас, ўлиб қолмаслик учун етади”, — дейди у. Унинг фикрича, универсал кафолатланган даромад одамларга ўз ҳаётини белгилашда кўпроқ эркинлик беради.

Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаётган 25 яшар Че Вагнер магистратурада таҳсил олмоқда, айни пайтда маҳаллий компанияда пицца етказиб бериш билан шуғулланади. “Ёш қизим бор, шунинг учун бу тизимни қўллаб-қувватлаяпман. Ҳозир қизимга вақт ажратиш ўрнига ишлашга мажбур бўляпман, агар универсал кафолатланган даромадга эга бўлсам, қизим билан шуғулланишга кўпроқ вақтим бўлади”, — дейди у.

Швейцария халқ партияси аъзоси, депутат Лузи Штаммганинг айтишича, ташаббус эътиборга молик. Аммо Швейцария ҳаракатланиш эркинлиги кафолатланган Европада жойлашган. “Чегаралар очиқ бўлган бизнинг мамлакатимиз учун бу ўз жонига қасд қилиш билан баробардир”, — дейди депутат.

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу масалада бўлаётган баҳс-мунозараларда давлат бу тизимни амалга татбиқ қилиш қобилиятига эга ёки эмаслигига жуда камчилик эътибор қаратилмоқда. Кўпчиликни ўйлантирган масала, бу — тизимнинг суиистеъмол қилиниши ҳамда аҳолининг меҳнат маданияти бузилишидир.

Ташаббус эгаларининг қайд этишича, ушбу тизимни жорий қилиш учун қўшимча солиқ жорий қилиш ёки даромад солиғи ставкасини ошириш талаб қилинмайди. Балки қўшилган қиймат солиғини ошириш орқали, яъни одамлар даромадига эмас, харидига солиқни ошириш эвазига қоплаш мумкин.