“Ўзбекистон ҳаво йўллари” журналистлардан профессионалликни талаб қилди

    © Mezon.Uz/Kun.Uz
    © Mezon.Uz/Kun.Uz

    “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси шу йилнинг 20 ноябрь куни бир қатор электрон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақолаларга нисбатан раддия эълон қилди.

    “Ушбу мақолаларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мамлакатдан учиб кетишига “Ўздунробита” мобиль оператори ёхуд уй-жой коммунал хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар олдида қарзи бўлганлиги боис рухсат берилмаганлиги ҳақида хабар берилди”, — дейилади компания расмий сайтида қўйилган ахборотда.

    Компания сайти ўқувчиларни чалғитган ҳолда бундай материалларни чоп қилаётган журналистларнинг профессионал этикаси хусусида савол туғилишини ёзади.

    Матбуот хизмати оммавий ахборот воситаларини айблашда давом этар экан, турли миш-мишларга таянган ҳолда иш тутган мақолалар муаллифлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ўрганишмаганини, қарз мажбуриятларини ечиш бўйича халқаро тажриба билан солиштирмаганини танқид остига олади.

    Раддияда қайд этилишича, Ўзбекистон фуқаролари коммунал тўловлар учун белгиланган тартибда маблағ тўлаши лозим. Бу таомил суд орқали ҳам амалга оширилади. Агар суд томонидан юклатилган мажбурият бажарилмаса, Ўзбекистон ташқарисига чиқиш вақтинча чекланиши мумкин.

    Матбуот хизматининг ёзишича, бу дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги стандарт тартиб ҳисобланади. Суд органлари қарорларини ижро қилиш тегишли ваколатли органларга юклатилади, Ўзбекистон аэропортларига эмас.

    Матбуот хизмати мақолалар муаллифларини ўз ишига профессионал ёндашиши зарурлигини уқтириб, истиқболда аниқ факт ва далилларга асосланиб иш тутишни талаб қилган.

    “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси йўловчиларга мурожаат қилиб, мамлакатдан чиқишда мавжуд бўлган айрим чекловлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг фуқаролар томонидан бузилиши ва суд органлари қарорларини бажаришдан бўйин товлаш ҳосиласи эканлигини қайд этган ҳамда келиб чиқиши шубҳали бўлган мақолаларга катта аҳамият бермасликка чақирган.

    Kun.Uz’нинг сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда «МТС-Ўзбекистон»дан бор-йўғи бир неча сўм қарзи бор собиқ абонентлар Ўзбекистондан чиқарилмаётгани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлган. Mezon.Uz’нинг гап-сўзларга асосланиб хабар беришича, хорижга чиқаётган қарздор абонентлар самолёт ва поезд рейсларидан чиқариб олинаётгани, бунга уларга қарши судга даъво берилгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.