Россияда мигрантлар учун махсус мобиль оператор ташкил қилинади

499521100

Россиянинг “Межрегиональный транзит телеком” (МТТ) компанияси 2014 йилнинг апрель ойида Марказий Осиёдан келган мигрантларга йўналтирилган янги мобил алоқа оператори фаолиятини йўлга қўяди. Бу ҳақда МТТ директори Евгений Васильевнинг баёнотига асосланиб 18 декабрь куни «Ведомости» газетаси хабар берди.

Kun.Uz’нинг ёзишича, ҳозирча номи аниқ бўлмаган оператор муҳожирлар ўз ватанларига қўнғироқ қилишлари учун унча қиммат бўлмаган уяли алоқа ва интернет тарифларини таклиф қилади.

“РИА Новости”нинг аниқлик киритишича, янги оператор фаолиятининг 75 фоизи Москва шаҳри ва вилоятида олиб борилади. Фаолиятининг биринчи йилида МТТ 100 минг нафаргача абонентни улашни режалаштирмоқда.

Янги оператор виртуал бўлади, яъни, унинг ўз частоталари ва инфратузилмаси бўлмайди. Ахборот узатиш қурилмаларини у асосий операторларнинг биридан ижарага олади.

Васильевнинг сўзларига кўра, Россияда миграция бозори истиқболли бўлиб, жадал ривожланмоқда. У мигрантлар пул тўлай олмайдиган аудитория эканлиги ҳақидаги фикрларни тўла рад этди. Компания вакиллари ҳар бир уланган абонентдан ойига 320 рубль (10 доллар атрофида) даромад олишни режалаштиришмоқда.

SHARE