Мусулмонлар яҳудийлар синагогасини сақлаб қолишди

 

Шаҳар масжидлари кенагши котиби Зулфий Карим ва синагога ҳайъати раиси Руди Ливор. The Guardian
Шаҳар масжидлари кенагши котиби Зулфий Карим ва синагога ҳайъати раиси Руди Ливор. The Guardian

Буюк Британиянинг Брэдфорд шаҳридаги яҳудийлар синагогаси мусулмонлар жамияти, хусусан, шаҳарда масжидлар кенгаши кўмагида истиқболда ҳам ўз фаолиятини давом эттирадиган бўлди.

The Guardian газетасининг ёзишича, 2012 йили ноябрь ойида Брэдфордаги синагог маъмурияти мушкул вазиятда қолади. Синагога биноси анча таъмирталаб бўлиб қолган, унинг кундалик харажатларини қоплаш учун 45 нафар аъзо томонидан тўладиган бадал ҳам ҳеч нарсага етмасди.

Синагога ҳайъатининг 87 яшар раиси Руди Ливор ўшанда 137 йиллик ўтмишга эга бинони сотиш таклифини илгари сурди. Жамоага 10 миль узоқликдаги, яъни Лидсдаги синагогага қатнашни тавсия қилди.

Қолаверса, синагогада диний мажбуриятларни амалга ошириш учун камида (диний талаб бўйича) 10 нафар эркак мунтазам қатнашиб туриши керак бўлади. Аммо бунинг иложи йўқ эди. 2011 йилнинг маълумотларига кўра, шаҳарда 300 нафар атрофида яҳудий бўлган.

Аммо шаҳарда мусулмонлар жамиятининг масалага аралашуви муаммонинг ижобий ҳал бўлишига туртки берди. Гап шундаки, қўшни масжид котиби ҳамда маҳаллий тадбиркорлар томонидан олиб борилган фанд-райзинг (пул йиғиш) тадбири натижасида синагоганинг узоқ муддатли фаолияти учун етадиган маблағ йиғилди.

Газетанинг ёзишича, синагоганинг банкдаги ҳисоб-рақамига ушбу ҳомийлик ёрдамининг биринчи транши — 103 минг фунт стерлинг (168,2 минг доллар) келиб тушиш арафасида.

Синагога ҳайъати раиси Ливор маданиятларо ҳамкорликнинг бу самарасини илиқ кутиб олган. 1937 йили Германиядан кўчиб ўтган Ливор Брэдфорд масжидлар кенгаши котиби Зулфий Карим билан қўшма интервьюсида ушбу ҳодисани “фантастик” деб баҳолаган. Зулфий Карим эса “Руди менинг янги биродарим, бу қўшниларимизни ҳимоя қила олиш ва Брэдфорд маданий меросини сақлаб қолишга қодирлигимиздан даолатдир”, деди.

Хайрия қутилари
Хайрия қутилари

Ливор, ўз навбатида, синагога калитини рамзий равишда Зулфий Каримга тақдим қилган. Бу билан у яҳудийлар жамияти номидан маҳаллий мусулмонларни жума куни кеч оқшом ёзиладиган шаббат дастурхонига, мусулмонлар жамияти эса яҳудийларни рамазон дастурхонига таклиф қилган. Христианлар эса ҳосил байрамига таклиф қилишган.

Декабрь ойи бошида Зулфий Карим ва бошқа мусулмонлар синагогада ўтказилган ҳанукаҳ маросимида қатнашишган.

Синагога турли қийинчиликларга дуч кела бошлагач, мусулмонлар уларга ёрдам бериш йўлларини излай бошлашади. Маҳаллий тадбиркорлар тез қилиниши керак бўлган таъмирлаш ишлари учун маблағ ажратишади, маҳаллий тамаддихоналар эса махсус хайрия қутиларини ташкил қилишади. Биргина маҳаллий тадбиркор ўз ҳисобидан синагогага 1400 фунт стерлинг ўтказиб беради.

Ҳозирча синагога маъмурияти ошхонани тўлиқ тозалаб, таъмирлаш ниятида. Қолаверса, истиқболда ногиронлар учун қулайликлар яратиш режаси ҳам бор.

SHARE