Жорж Крол: Америка Марказий Осиё ва Афғонистондан буткул чиқиб кетмайди

20131227_170522

Маълумки, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 9-11 декабрь кунлари АҚШда Ўзбекистон — Америка сиёсий маслаҳатлашувларини ўтказди. Унда икки томонлама алоқаларнинг бугунги ҳолати, истиқболи, муайян халқаро ва минтақавий муаммолар, хусусан, Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди.

 2014 йил кириб келиш арафасида АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Крол ушбу сиёсий маслаҳатлашувлар натижаси бўйича матбуот анжумани ўтказиб, иккитомонлама муносабатлар ва унинг истиқболлари ҳақида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Ўз чиқишида элчи жаноблари, шунингдек, 2014 йилда АҚШ ҳарбий контингентининг Афғонистондан чиқиб кетиши билан боғлиқ масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Жаноб Жорж Кролнинг фикрича, Вашингтонда аниқ ва очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида, умумий хулосага кўра, ижобий ўсиш сураъти кузатилмоқда. Томонлар 2014 йилда ушбу амалий мулоқотни янада ривожлантириш бўйича мақбул ёндашувларни топиб, аниқ йўналишларни белгилаб олишди. Иккитомонлама алоқаларнинг устувор йўналишлари ҳақида фикр юритар экан, элчи Жорж Крол шундай деди: “Биз мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий алоқаларни кенгайтиришни хоҳлаймиз. Афсуски, ҳозирча америкалик ишбилармонлар минтақани яхши билишмайди ва Ўзбекистон ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмас. Бу маслаҳатлашувларда бош мавзу бўлиб, ишбилармонларимизга Ўзбекистонда бизнес юритишни тушунтириш лозим. Бу борада ижобий мисоллар талайгина. Биргина Ўзбекистонда муваффақиятли иш олиб бораётган GM (General Motors) компанияси ва унинг шўъба корхоналари ҳамда бошқа компанияларни олайлик”.

Элчи жаноблари, шунингдек, Ўзбекистонда иқтисодий ва банк ислоҳотларини давом эттириш зарурлигини уқтириб, валютанинг конвертация қилиниши муаммосини ҳал қилиш ва молиявий операцияларнинг шаффофлигини таъминлаш зарурлигини қайд этди.

GM (General Motors) компанияси фаолияти истиқболлари хусусида фикр юритар экан, заводнинг ҳолати ҳақида ҳеч қандай хавотирлар йўқлигини айтди. Унинг айтишича, завод жамоаси барқарор фаолият юритмоқда, замонавий машиналар ишлаб чиқармоқда, завод умуман изчил ривожланмоқда. Қолаверса, завод маҳсулотларини истиқболда минтақада ва МДҲ мамлакатларида сотувини кенгайтириш режаси мавжуд. Келажакда, Жорж Кролнинг фикрича, янги автомобиль моделларини ўзлаштириш режалаштирилмоқда.

Элчи жаноблари Ўзбекистон ёшлари тарбиясига алоҳида эътибор қаратмоқда. Элчининг сўзларига кўра, ҳозирги кунда АҚШда Ўзбекистон ёшлари сони ўсмоқда. Улар Америка университетларида, бизнес коллежлари ва мактабларида таҳсил олмоқда. Элчихонанинг консуллик бўлимида АҚШда бизнес йўналиши бўйича таълим олмоқчи бўлган ёшлар оқими ортмоқда. “Қувонарлиси, ёшлар илмга интилмоқда. Биз таълим ва маданият соҳасида иккитомонлама ҳамкорликни кучайтиришни, университетлар, биродарлашган шаҳарлар ўртасида алоқаларни ривожлантиришни хоҳлаймиз. Буларнинг барчаси АҚШда Ўзбекистон ҳақида билим ва ахборотнинг ортишига олиб келади”, — дейди элчи жаноблари.

Ҳар доимгидек элчи жаноблари гуманитар масалалар, хусусан, икки томонлама алоқаларда катта эътибор қаратиладиган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берди. Жорж Кролнинг наздида, тарафлар бўлиб ўтган маслаҳатлашувларда бир-бирини диққат билан тинглашди, шунчаки ушбу масалаларни муҳокама қилишмади, балки иккитомонлама амалий ёндашувларни ишлаб чиқишди. Элчининг айтишича, Вашингтонда АҚШнинг пенитенциар тизимини ўрганиш тавсия қилинган. Келгуси йилда Ўзбекистон тарафи америкалик ҳамкасблари фаолиятини ўрганиш учун экспертлар гуруҳини юборишга тайёрлигини маълум қилган. “Мен буни конкрет амалий таклиф деб ҳисоблайман. Албатта,икки томонда ҳам эътирозлар мавжуд. Аммо, энг муҳими, бу муаммоларни муҳокама қилишга ва илдам ҳаракат қилишга интилаяпмиз”, — деди элчи жаноблари.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида бўлиб ўтган маслаҳатлашувлар жараёнида энг муҳим мавзулардан бири Қўшма Штатлар Ўзбекистон қуролли кучларини модернизация қилиш ҳамда профессионализмини оширишга қандай ёрдам бериши мумкинлиги бўлди. Ушбу мавзу, шунингдек, Пентагонда бўлиб ўтган учрашув ва мулоқотларда ҳам асосий масала бўлди. Шу муносабат билан АҚШ элчиси Америка ҳарбий-сиёсий соҳада истиқболда ҳам ёрдам кўрсатилишини қайд этиб, “АҚШ {ўзбекистонлик} ҳарбий хизматчиларнинг АҚШда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ҳарбий таълими масаласида ёрдам кўрсатиб келган ва бу истиқболда ҳам давом этади. Аммо бу Ўзбекистонга юқори технологик ҳарбий техникаларни беришни кўзда тутмайди”, — деб қайд этди.

Жорж Крол АҚШ ва НАТО кучларининг Афғонистондан чиқиб кетишидан сўнг ҳарбий ва ноҳарбий аҳамиятга эга жиҳозларнинг Ўзбекистонда қолиши билан боғлиқ масалада ҳам сўз юритиб, бу масала ҳали ҳал қилинмаганлигини ва очиқ турганини айтади.

“Бу ерда жуда кўп омиллар мавжуд. Аввало, Америка қонунчилигининг талаби бор. Унга кўра, Конгресснинг расмий розилиги, қолаверса, АҚШ ва Афғонистон ўртасида хавфсизлик масаласида қанча тез тегишли шартноманинг кучга кириши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, ҳарбий тузилмалар қандай техникалар бу ерда қолишини аниқ белгилаб олиши керак бўлади. Умуман, бошқа мамлакатларга ҳарбий техникалар бериладими, берилса, қандай техникалар ва қанча ҳажмда — бу саволлар ҳозирча очиқ”, — деди элчи жаноблари.

Жорж Крол Афғонистон масаласида фикр юритар экан, мамлакатдаги вазиятни прогноз қилиш мушкуллигини айтиб, Афғонистондаги вазиятнинг ўнгланиши кўп жиҳатдан яқинда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига боғлиқлигини айтади. Элчининг фикрича, мамлакат олий қонун чиқарувчи органи — Лойи Жирға, умуман олиб қараганда, АҚШ ва Афғонистон ўртасида хавфсизлик масаласида битим имзоланишига қарши эмас. Аммо мамлакатдаги ички вазият боис ушбу ҳужжатни имзолаш билан боғлиқ айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Элчининг фикрича, айнан шунинг учун ҳам президент Ҳамид Карзай ушбу битимни имзлолашдан тийилиб турибди.  “Ҳозирги кунда битимнинг барча масалалари келишиб олинган, ишончимиз комилки, эртами-кечми, Карзай хавфсизлик пактини имзолайди”, — дейди Жорж Крол.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик масалалари қаторида томонлар минтақанинг бошқа мамлакатлари, хусусан, Афғонистонни иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик масаласида қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Элчи жаноблари гиёҳванд моддалар трафигига алоҳида эътибор қаратди. «Минг афсуски, деди Жорж Крол, сўнгги йилларда наркобизнес ҳажми Афғонистонда ҳам, ундан ташқарида ҳам ортди. Наркотик моддалар транспортировкаси Марказий Осиё, хусусан, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, сўнг Росия орқали амалга оширилмоқда. Афғонистонда нафақат опиум, балки кокаин ишлаб чиқаришга ихтисослашган махсус лобаротариялар бор».

Маълумки, наркобизнес турли террорчи ташкилотлар томонидан молиялаштирилади. Америкалик элчининг фикрича, АҚШ минтақада гиёҳванд моддаларнинг тарқалишига қарши курашиш масаласида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари билан фаол ҳамкорлик қилиб келади. Масалан, 2012 йилда 2012 йилда Гиёҳвандликка қарши курашиш федерал агентлиги ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Ушбу идоралар ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда, ахборот алмашилмоқда.

Хулоса ўрнида Элчи жаноблари Вашингтондаги учрашувда АҚШ Марказий Осиё ва Афғонистондан кетишга интилмаётгани аниқ маълум қилинди. АҚШ Марказий Осиё ва Афғонистонда ўзининг доимий манфаатларига эга. Истиқболда ҳарбий контингентнинг қисқаришига қарамасдан Вашингтон ўзи учун муҳим бўлган ушбу минтақада фаол иш олиб боради. “Биз 2001 йилда юз берган фожеаларнинг такрорланишига йўл қўймаслигимиз керак… Бизда бошқа йўл йўқ”, — деди элчи жаноблари.

Мавлон ШУКУРЗОДА.

Махсус “Vatandosh” учун.

Тошкент шаҳридан. 

SHARE