Ёлғиз кексалар уйига босқинчилик ва қотиллик содир қилган шахслар иши судга оширилди

    Бош прокуратуранинг жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан ёлғиз яшовчи кекса ёшдаги фуқароларга нисбатан содир этилган қотиллик ва босқинчилик ҳолатлари бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан дастлабки тергов тамомланди.

    Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, тергов давомида, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Ж.Қосимов ва Н.Ўрозова ўзларини коммунал, тиббиёт ёхуд ижтимоий таъминот хизматлари ходимлари сифатида таништириб, кекса ёшдаги фуқароларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, хонадонларига тўсиқсиз кирган ҳамда уларга нисбатан қотиллик, босқинчилик ва бошқа оғир турдаги жиноятларни қасддан содир этганлиги аниқланган.

    Матбуот хизматига кўра, Бош прокуратура ва ички ишлар идораларининг ходимларидан иборат таркибдаги тергов-тезкор гуруҳи томонидан кенг қамровли тергов тадбирлари олиб борилди. Ж.Қосимов ва Н.Ўрозова яшаш жойида тинтувлар ўтказилиб, жиноятчилар томонидан жабрланувчилардан ўғирланган ашёвий далиллар топилган. Шунингдек, айбланувчиларнинг кўрсатувлари ҳодиса содир бўлган жойларда текширилиб, бир қатор судга оид экспертизалар тайинланган ҳамда иш юзасидан ҳақиқатни аниқлашга қаратилган бошқа тергов ҳаракатлари ўтказилди.

    Дастлабки тергов жараёнида, мазкур уюшган жиноий гуруҳ томонидан содир этилган барча жиноятлар фош қилиниб, ҳар бир ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилинган. Тергов натижасига кўра, жиноят иши айблов хулосаси билан Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборилган.

    Эслатиб ўтамиз, 2013 йил октябрида Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудлар (Тошкент ва Фарғона вилоятлари)да кекса аёлларнинг уйларига кириб, босқинчилик билан шуғулланган эркак ва аёл ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди.

    Kun.uz’нинг ёзишича, бир қатор манбаларда қўлга олинган шахслар авваллари ИИВда ишлагани ҳақида хабарлар тарқатилган, бироқ кейинроқ бу каби гап-сўзлар рад этилган эди.

    SHARE