Прокуратура бир гуруҳ шахсларни мажбурий терговга жалб қилди

2014 йил 17 февраль куни «Terra Group» МЧЖ, “Prime Media” МЧЖ, “Gamma Promotion” МЧЖ ва бошқаларнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 178-моддаси 2-қисми ва Жиноят-процессуал-кодексининг 261-264-моддалари бўйича Р. Мадумаров, Г. Авякян ва Е. Клюваялар мажбурий тартибда суриштирув ишларига жалб қилинган.

ЖКга кўра, корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда валюта операцияларини амалга оширувчи ходимлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг ваколат берилган банклари ҳисобига ўтказилиши лозим бўлган чет эл валютасининг қасддан яшириб қолиниши энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар ўша қилмиш:

а) ғаразгўйлик билан;

б) такроран;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, –

беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят-процессуал кодексининг 30-боби 261-моддасига биноан, жиноят ишини юритиш муносабати билан суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд томонидан белгиланган тартибда чақирилган шахслар айнан кўрсатилган вақтда ҳозир бўлишлари шарт.

Узрсиз сабабларга кўра келмаганлари тақдирда улар мажбурий келтириладилар.

262-модда. Мажбурий келтириш лозим бўлган шахслар

Мажбурий келтириш гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг, жабрланувчининг, гувоҳнинг процессуал ҳаракатларда ёки суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун, башарти улар узрсиз сабабларга кўра келишдан бош тортганлиги аниқланган тақдирда, қўлланилади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчини олдиндан чақирувсиз мажбурий келтириш улар суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниб юрган ёки аниқ яшаш жойи бўлмаган тақдирда қўлланилиши мумкин.

Судланувчининг судга келмаганлиги сабабини олдиндан аниқламасдан туриб, мажбурий келтиришга алоҳида ҳолларда, ишни кўриш судланувчи бўлмаганлиги сабабли кейинга қолдирилаётган ва бунда унинг турган жойи тўғрисида маълумот бўлмаган тақдирда йўл қўйилади.

Гувоҳга ёки жабрланувчига нисбатан мажбурий келтиришнинг қўлланилгани уларни кўрсатув беришдан бош тортганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликдан озод қилмайди.

263-модда. Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор ёки ажрим

Суриштирувчи, терговчи, прокурор мажбурий келтириш тўғрисида қарор, суд эса ажрим чиқаради. Ушбу қарорда ёки ажримда: мажбурий келтирилиши керак бўлган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми; унинг процессуал мавқеи; яшаш ёки иш жойи; мажбурий келтириш учун асослар; шахсни қаерга ва қачон олиб келиш кераклиги; мажбурий келтириш кимга топширилганлиги кўрсатилган бўлиши лозим.

264-модда. Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарорни ёки ажримни бажариш

Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор ёки ажрим ижро этиш учун иш юритилаётган жойдаги ички ишлар органига топширилади.

Мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахсни топган ички ишлар органининг ходими уни қарор ёки ажрим билан таништириб тилхат олади ва мазкур қарорни ёки ажримни чиқарган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёхуд судга олиб келади. Бунда қарорга (ажримга) шахс топилган вақт ва жой, уни олиб келиб топширилган вақт,шунингдек унинг мажбурий келтирилиши билан боғлиқ ариза, шикоят ва илтимослар ҳақидаги маълумотнома илова қилиниши лозим.

Ички ишлар органи шахснинг қочиб кетганлиги, таътилда, хизмат сафарида эканлиги, оғир касаллиги ёки бошқа сабабларга кўра йўқлиги оқибатида мажбурий келтиришга имкон бўлмаганлигини аниқласа, бу ҳақда маълумотнома тузади ҳамда қарорни ёки ажримни чиқарган суриштирувчи, терговчи, прокурорга ёхуд судга хабар беради.

SHARE