Ўзбекистоннинг янги миллий оператори “МТС-Ўзбекистон” частотаси негизида ташкил этилади

“Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг UzMobile филиали негизида мобиль алоқа миллий оператори ташкил этилади. Бу Ўзбекистон Президентининг 12 февралдаги «Мобиль алоқа миллий оператори фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилади.

Газета.uz’нинг хабар беришича, мобиль алоқа миллий оператори фаолияти «уяли алоқа бозорида миллий компанияларнинг кенг иштироки учун зарур шароитларни яратиш ҳамда мамлакатнинг мобил уяли алоқа тармоқларини янада ривожлантириш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида» йўлга қўйилмоқда.

Миллий оператор тармоғини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар жадвалида 2014 йил мобайнида 1 минг 20 алоқа станциялари, радиореле жиҳозининг 500 комплекти ҳамда 2 миллион рақамга мўлжалланган коммутация станцияси ва биллинг тизимини ўрнатиш орқали уяли алоқа билан Тошкент шаҳрини қамраб олиш кўзда тутилган. 2015 йилда миллий оператор тармоғи билан барча вилоятлар марказлари, 2017 йил давомида эса республиканинг барча аҳоли пуктларини қоплаш режалаштирилган.

Мобил алоқа миллий операторининг асосий вазифалари этиб уяли алоқа тармоқлари, шаҳарлараро ва халқаро тармоқлар ҳамда маълумотлар узатиш тармоқларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва телекоммуникация хизматларини кўрсатиш, шу жумладан, узоқ туманларда; барча ҳудудларда интернет тизимига уланиш, мобил телевидение, электрон тўловлар ва коммерсия хизматларини кўрсатиш; ахборот хавфсизлиги талабларини ҳисобга олган ҳолда уяли алоқа тармоқларининг ишончли ва барқарор фаолият юритишини таъминлаш белгиланган.

Миллий оператор тармоғини ташкил этиш бўйича лойиҳани «Ўзбектелеком» АК ўз маблағлари, хорижий ҳамда миллий банкларнинг кредитлари эвазига молиялашни режалаштирган. Қарорда, шунингдек, «Ўзбектелеком» АК олиб кириладиган технологик ускуналар бўйича 2018 йилгача бож тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилиши кўзда тутилган.

UzMobile мобиль алоқа миллий операторини уяли алоқа хизматини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензия олиш учун давлат божи тўлашдан, шунингдек, радиочастота спектридан фойдаланиш тўловини тўлашдан беш йил муддатга озод қилиш ҳам режалаштирилган. Бунда бўшаган маблағларни тармоқни ривожлантиришга мақсадли йўналтириш шарти қўйилган.

Kun.Uz’нинг ёзишича, янги GSM тармоғи авваллари «МТС-Ўзбекистон» алқоа оператори фойдаланган частота ресурслари базаси асосида ташкил этилади. Айни вақтда, Uzmobile CDMA стандартида хизмат кўрсатишда ҳам давом этади.

SHARE