Оиладаги зўравонлик қурбонлари ўзини қандай ҳимоя қилиши керак?

Оиладаги зўравонлик жинояти демократия ва қонун устуворлиги тўла таъминланган АҚШдек давлатда ҳам йўқ эмас.  Айниқса,  бу жиноят муҳожирлар орасида кўпроқ кўзга ташланади.  Хусусан,  Нью-Йорк шаҳри атрофида яшовчи ўзбекистонликлар оилаларида ҳам,  афсуски,  бундай муаммолар йўқ эмас.

Оилада ёки яқин муносабатга эга бўлган кишилар ўртасида зўравонлик ҳолатлари юз берса, жабрланувчи нима қилиши керак? Ўзини ҳимоя қилиши учун у қандай чораларга қўл уриши лозим? Ҳуқуқшунос Игорь Ниман ана шундай вазиятларга оид айрим саволларга жавоб беради.

Савол:  Оила судидан турмуш ўртоғим бўлмаган одамга қарши ҳимоя буйруғини олишим мумкинми?

Жавоб:  Ҳа.  Оила судида сизга таҳдид қилаётган одамга қарши ҳимоя буйруғини олишингиз учун у сизнинг турмуш ўртоғингиз бўлиши шарт эмас.

Савол:  Оила судида кимларга қарши ҳимоя буйруғи олишим мумкин?

Жавоб:  Оила судида қуйидаги шахсларга қарши ҳимоя буйруғи олишингиз мумкин:

•      Ҳозирги ёки собиқ турмуш ўртоғингиз;

•      Фарзандингизнинг отаси бўлган шахс;

•      Никоҳ ёки бошқа қон қариндошлиги бўйича сизга алоқадор бўлган бошқа оила аъзоси;

•      Сиз билан яқин шахсий алоқада бўлган шахс (Яқин шахсий алоқада бўлиш учун ўртада жинсий яқинлик бўлиши шарт эмас, лекин томонлар одатдаги ижтимоий муносабатлардан кўра яқинроқ алоқага эга бўлиши керак.  Муносабатлар яқин шахсий алоқа бўлган ёки бўлмаганини суд аниқлайди).

Савол:  Жиноят судида турмуш ўртоғим бўлмаган шахсга қарши ҳимоя буйруғи олишим мумкинми?

Жавоб:  Ҳа.  Жиноят судида турмуш ўртоғингиз бўлмаган ҳамда сиз билан ҳеч қандай алоқага эга бўлмаган шахсга қарши ҳимоя буйруғи олишингиз мумкин. Жиноят судида сизга таҳдид қилган ҳар қандай одамга қарши шикоят очиш мумкин.  Одатда, бундай одам ҳибсга олинади ва унга қарши жиноят иши очилади.  Бу ишда сиз “шикоят қилувчи гувоҳ” сифатида иштирок этасиз.

Савол:  Ҳимоя буйруғини олиш учун Оила суди ёки Жиноят судидан бирини танлашим керакми?

Жавоб:  Йўқ.  Бир пайтнинг ўзида ҳар иккисига ҳам мурожаат қилишингиз мумкин.

Савол:  Мени орқамдан кузатишяпти.  Шундай ҳолатда ҳам ҳимоя буйруғи олишим мумкини?

Жавоб:  Зимдан кузатиш ҳам тазйиқнинг бир тури ҳисобланади.  Ушбу жиноятга қарши ҳам ҳимоя буйруғи олишингиз мумкин.  Тажовуз қилиш, тажовуз қилишга уриниш,  таҳдид солиш,  хавф туғдириш ёки ўзини тартибсиз тутиш каби ҳолатлар учун ҳам ҳимоя буйруғи олиш мумкин.

Савол:  Даъво ишини қандай очаман?

Жавоб:  Агар ўзингизга нисбатан хавф сезсангиз, полицияга қўнғироқ қилинг.  Ўзингиз яшаб турган ҳудуддаги Оила судига бориб, оилавий жиноятларга оид шикоят ёзишингиз мумкин.  Ёки прокурор идорасига, жиноят судига бориб ҳам шикоят қилиш мумкин.  Хоҳласангиз, буларнинг ҳаммасини бир пайтнинг ўзида амалга оширишингиз мумкин.

Савол:  Ҳимоя буйруғи ўз ичига нималарни олади?

Жавоб:  Ҳимоя буйруғи чиқарганда, судья айбланувчига қуйидагиларни буюриши мумкин:

•      Сизга нисбатан тажовуз қилиш, тажовуз қилишга уриниш, таҳдид солиш,  хавф туғдириш ёки ўзини тартибсиз тутиш каби ҳаракатларни содир этмасликни;

•      Яшаётган жойингиздан сизни чиқариб юбормасликни;

•      Сизга, сиз яшаётган уйга, иш жойингизга ёки сиз хоҳлаган бошқа жойларга яқинлашмасликни;

•      Сизга қўнғироқ қилмасликни, электрон ёки бошқа турдаги хатларни жўнатмасликни.

Судья фарзандларингизни ҳам айбланувчидан ҳимоя қилиши мумкин.  Масалан, фарзандларингиз билан унинг учрашуви ҳар доим назорат остида бўлишини буюриши мумкин.  Шунингдек, фарзандларга қарашингиз учун пул ундириб,  айбланувчини фарзандларга қараш ҳуқуқидан маҳрум этиши мумкин.

Савол:  Агар ҳимоя буйруғига риоя қилмаса, нима бўлади?

Жавоб:  Агар айбланувчи суднинг ҳимоя буйруғини бузса, даъвогар полицияга қўнғироқ қилиши лозим.  Полиция уни суд буйруғини бузгани учун ҳибсга олиши мумкин.  Даъвогар, шунингдек,  ҳимоя буйруғига риоя қилмагани учун айбланувчи устидан Оила суди, Жиноят суди ёки прокурорга ёки бир пайтнинг ўзида уларнинг ҳаммасига шикоят қилиш мумкин.  Судья ҳимоя буйруғини бузган одамни қамоққа олиш ҳақида буйруқ бериши мумкин.

“Vatandosh”

SHARE