ИИВдан судланганлик ҳақидаги маълумотномани интернет орқали олиш мумкин

Ягона интерактив давлат хизматлари портали(my.gov.uz)да навбатдаги янги хизмат жорий этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Энди Ўзбекистон фуқаролари Ягона портал орқали ички ишлар органлари томонидан бериладиган судланмаганлик (судлангалик) ҳақидаги маълумотномани олиш имкониятига эга.

Фуқаролар ушбу маълумотномани олиш учун Ягона портал орқали онлайн аризани тўлдириб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли бўлимига лозим ҳужжатлар билан бирга жўнатишлари кифоядир.

Ушбу хизматдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда унинг ташқарисида бўлган, нафақат республика фуқаролари, балки чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар фойдаланишлари мумкин.

Ягона портал ёрдамида энди ушбу маълумотномани тезкорлик билан қўлга киритиш мумкин. Мазкур хизмат тақдим этилиши шартлари ва тартиби билан ушбу ҳавола бўйича батафсил танишиб чиқишингиз мумкин.

SHARE