Бобур ижоди Америка талабалари нигоҳида

Заҳириддин Муҳаммад Бобур,— одил шоҳ ва қалами ўткир шоир, том маънода Амир Темурнинг муносиб давомчисидир. Ҳар бир халқнинг ўз қаҳрамону эътирофга лойиқ мутафаккир шахслари бўлади. Бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат ўзбек ҳалқининг фахр-ифтихори, балки Ҳинд элининг ҳам ҳурматини қозонган, дунё тан олган ўзбек халқи фарзандидир.

Мусулмон дунёсининг рамзий равишда илк этнограф ва антропологи ҳисобланмиш буюк мутафаккир олим, Бобурнинг 531 йиллик юбилейи муносабати билан 28 февралб куни Индиана университети талабалари орасида “Бобурхонлик” мушоира кечаси ташкил этилди. Тадбирда университетнинг икки йирик факультети: Марказий Евроосиёшунослик ва Дҳар Ҳиндшунослик дастури талабалари Бобур ва Бобурийлар сулоласи ижодидан туркий, форс ва ҳинд тилларида битилган рубоий ва ғазалларни ёд олдилар.

Бобурхонлик кечасида Марказий Евроосиёшунослик факулбтети профессори Назиф Шаҳрани нутқ сўзлаб, Бобурнинг этнографлик қобилияти ҳақида “Бобурнома”дан Самарқанд ва Фарғона ҳудудларини қандай юксак маҳорат билан географик терминларни қўллаган ҳолда профессионал даражада тасвирланган намуналарни келтириш билан тадбирга ташриф буюрган барча олим ва талабаларда Бобур шахсиятига қизиқишини янада орттирди.

Индиана университети Марказий Евроосиёшунослик факультети ўзбек тили катта ўқитувчиси Малик Хўжаев Бобурнинг 47 йиллик қисқа умри давомида тарихда қолдирган унутилмас излари ҳақида атрофлича маълумот бериб, “Бобурхонлик” кечасининг мушоира қисмини очиқ деб эълон қилди.

Тадбир мусобақа тарзида ташкил қилинган бўлиб, унда Индиана университети профессор-олимлари ҳайъат аъзолари сифатида ҳар бир талаба чиқишини баҳолаб боришди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари сифатида уйғур тили катта ўқитувчиси Гулниса Назарова, пушту тили ўқитувчиси, профессор Раҳмон Имомхўжаев, Индиана университети Уэльс кутубхонаси етакчи мутахассиси Акрам Хабибуллаев, форс тили ўқитувчиси, профессор Шаҳяр Данешгар, санскрит ва урду тили ўқитувчиси Дҳипа Сундарамн таклиф қилиниб, ҳайъат раислиги Профессор Назиф Шаҳрани томонидан бошқарилди.

Мушоирада 10 нафардан зиёд талаба қатнашиб, бир ой давомида бу тадбир учун дарсдан бўш вақтларида Фулбрайт дастури ўзбек тили ассистент-ўқитувчиси Гулҳаё Қобилова билан мунтазам тайёрланиб боришди. Қатнашчилар орасидан Амита Вемпати “Яхшилиғ” радифли ғазални жонли ижрода куйлаб, мутлақ ғолибликни қўлга киритди. 2- ўрин жўрликда ёд олган ҳинд тилини ўрганаётган талабалар Майклл, Сидней ва Якобга насиб этган бўлса, 3- ўринни “Баҳор айёми” дея бошланувчи нафис ғазални ёд олган Марьям Ж.Вудс эгаллади. Ғолиблар Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб, “Бобурнома” асарининг инглиз тилига қилинган таржима китоблари билан тақдирланди.

Мусобақани ташкил этишда Ўзбек олимлари ва талабалари уюшмаси катта ташаббус кўрсатиб, уюшма маслаҳатчиси Умида Ҳикматуллаеванинг қўллаб-қувватлаши ҳамда Блумингтон шаҳарчасидаги “Анатолиа” ресторанининг ёрдами билан тадбир аъло даражада бўлиб ўтди.

Дастур Бангладешлик Фулбрайт Хорижий тил ўргатиш ассистенти Реэфат Мунмун ижросида жонли қўшиқ ва ҳиндча рақс билан якунланди.

Гулҳаё ҚОБИЛОВА,
Фулбрайт Хорижий тил ўргатиш ассистенти
Ўзбек олимлари ва талабалари уюшмаси вице-президенти.
Индиана цниверситети, Блумингтон шаҳри, Индиана штати.

SHARE