“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Россияга борувчиларни огоҳлантирди

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Россия Федерациясига боришни режалаштирган йўловчиларни ушбу мамлакатда бўлиш қонунларига риоя этишга чақириб, мазкур мамлакатда бўлиш режими бузилиши оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.

Компания сайтининг маълум қилишича, 2014 йил 1 январидан бошлаб Россияда виза олишни талаб этмайдиган тартибда ташриф буюрадиган хорижий фуқароларнинг (шу жумладан Ўзбекистон фуқаролари) Россияда вақтинча бўлиш муддати ҳар 180 кунлик муддат ичида ҳаммаси бўлиб, 90 суткадан ошмаслиги керак. Федерал қонунлар орқали кўзда тутилган ҳолатлар, шуниндек бундай муддат қонунчиликка мувофиқ чўзилган ҳолатлар бундан мустасно.

Агар хорижлик шахс ўзининг бундан олдинги Россияга ташрифи вақтида мамлакатда бўлиш муддатидан ўтиб кетган ва мамлакатда бўлиш муддати (90 кун) тугагандан сўнг 30 сутка ичида мамлакатдан чиқиб кетмаган бўлса, унга Россиядан чиқиб кетган кундан бошлаб 3 йил муддатга Россия Федерациясига кириш тақиқланади. Мамлакатга кириш, шунингдек, у ерда бўлишнинг бошқа қонунларини бузганлик учун ҳам тақиқланиши мумкин.

Шу муносабат билан компания йўловчиларга мурожаат қилиб, “Россия Федерацияси чегараларини кесиб ўтиш рад этилишининг олдини олиш мақсадида сиз қонун ва қоидалар бузилиши – нафақат жарима, балки мамлакатдан депортация қилиниб юборилиш, кейинги сафар мамлакатга кириш тақиқланиши каби жиддий жазоланишларга олиб келадиган мамлакатга кетаётганингизни доимо ёдда тутмоғингиз лозим. РФ га йўл олишдан аввал Сиз Россияга кириш ҳуқуқига эга эканлигизга ишонч ҳосил қилинг. Бунинг учун Сизга нисбатан Росссия шаҳарларига боришга рухсат этилмаслиги учун асослар йўқлигини текшириб кўришингиз керак”, — дейилади расмий ахборотда.