Номусига теккани учун тоғасини бошидан жудо қилган андижонлик қиз 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди

 

Номусига теккани учун тоғасини бошидан жудо қилган андижонлик қиз 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Фарғона вилоят прокуратураси ходимларига таяниб, “Ҳуқуқ” газетаси хабар тарқатди.

Материалда айтилишича, Катта Фарғона каналидан бадани кўкариб шиша бошлаган бошсиз мурдани топиб олишади. ИИБ ходимлари томонидан канал ўзанини қидириш бесамар кетади. Мурданинг боши топилмади. Эгнидаги кўйлаги, шимидан биронта ҳужжат чиқмади. Жиноят иши қўзғатилиб, қидирув-терговга киришилди.

Маълум бўлишича, мурда Андижон вилоятининг Шаҳрихон шаҳрида яшаган, эллик ёшдан ўтган, муқаддам бир неча бор судланган бўлиб чиқди. Марҳум сўққабош бўлган. Беш марта судланган. Сўнгги бор жазони ўтаб қайтганидан кейин ҳам бирон жойда ишламаган. Опасининг ҳовлисидаги алоҳида уйда яшаб юрган. Опасининг сўзларига қараганда, 11 июль куни чиқиб кетиб, қайтиб қорасини кўрсатмаган. Аёлнинг қизи ва ўғли Жавоҳир ҳам тоғасини охирги марта ўша куни кўришган. Тоға ичкиликка берилган. Уйдан чиқиб кетиб, бир неча кун аллақаерларда қолиб кетишига кўникиб қолишган. Шу боисдан тўрт-беш кундан бери уйга қайтмаган бўлса-да, сўраб-суриштиришмаган, милицияга мурожаат этишмаган. Ўз оёғи билан кириб келишига шак-шубҳа қилишмаган.

Ҳовли, хоналар синчиклаб кўздан кечирилганида, алоҳида, ҳеч ким яшамайдиган, чала битган уй ичидан қора-қизғиш доғлар, қон теккан ғишт бўлаги, соч толаси топилди. Экспертиза хулосасига кўра, ушбу қон доғлари марҳумнинг қон гуруҳига мансуб эди.

Ушбу ҳолатларга асосан гумонланувчи сифатида сўроқ қилинган опасининг қизи айбига иқрор бўлиб кўрсатма берган. Маълум бўлишча, кунлардан бир кун ҳовлига ширакайф ҳолда кириб келган марҳум тўсатдан жиянининг билагидан чангаллаб, бағрига тортди. Чинқирган ўн олти яшар қизнинг оғзини кафти билан ёпди… Тўшакда юм-юм йиғлаб ўтирган жиянига ўшқиради. — Бас қил, биров билиб ўтирибдими. Ҳеч кимга оғиз оча кўрма! Бировга айтсанг, чавақлаб ташлайман. Қиз унинг важоҳатини кўриб, қўлидаги пичоққа кўзи тушиб жим қолди. Аламини ичига ютди. Тоғаси зўрлаб, номусига текканини ҳеч кимга, ҳатто онасига ҳам айта олмади. Уйда ёлғиз қолганларида тоға жиянини яна бир неча бор зўрлади.

2006 йили қиз эрга тегмай, ҳомиладор бўлиб қолади. Марғилон шаҳрида аборт қилдириб, ҳомиласини олдириб ташлади… Тишини тишига босиб, тегажоқлик қилишларига чидаб юрган жияннинг ичида адовати тобора кучайиб бораверди. Хаёлида ўч олиш истаги ғужғон ўйнаб, қотилликдан бир ойча аввал Шаҳрихон шаҳридаги “Супермаркет” олдида савдо қилаётган сотувчидан қизил сопли ошхона пичоғини сотиб олди. Кунлардан бири куни ёлғиз қолгач, тоғаси яна жинсий алоқа учун чақирганда пичоқни тоғасининг бўйнига санчди.

Тоғасидан қасдини олган жиян, тун ярмида бошсиз жасадни аравачага солиб, Катта Фарғона каналига элтиб ташлади. Битмаган уйдаги қон юқини ювиб, сачраган жойларига қум сепди. Пичоқни ва тоғасининг калласини ҳовлининг ортига олиб бориб, бензин сепиб ёқиб юборди… Жиноят иши суд мажлисида кўриб чиқилди. Судланувчи қиз айби иқрорлигидан ташқари ашёвий далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланди. Суд номусини топтаган тоғасининг жонига қасд қилган қизни 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.