Паспорт олиш учун доимий рўйхатдан ўтганмисиз?

Савол:  Мен АҚШга талаба визаси ҳамда Ўзбекистоннинг икки йиллик ОВИРини олиб чиққанман.  Ҳозир грин картам мавжуд.  Ўзбекистон консуллигидан доимий яшовчи шахс сифатида рўйхатдан ўтмоқчи бўлсам,  консуллик Ўзбекистонга бориб,  у ердан доимий ОВИР олиб келинг,  шундагина консулликка доимий яшовчи шахс сифатида рўйхатга қўямиз,  деди.  Хорижий давлатда доимий яшовчи мақомим бўлган ҳолда,  нега энди Ўзбекистонга қайтиб бориб ҳужжатларни тўғрилашим керак,  ахир бу консулликнинг иши эмасми?

Жавоб:  Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январдаги 8-сон қарорига 1-Илова сифатида тасдқиланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши Тартибининг II бўлим,   6-бандига кўра,   вақтинча яшаш учун чет элга кетган,  у ерга ошкора келган ва чет элда доимий яшашга қарор қилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари доимий яшашга рухсатномани расмийлаштириш учун белгиланган шаклдаги ҳужжатлар билан Ўзбекистон Республикасининг тегишли консуллик муассасасига мурожаат қиладилар.  Консуллик муассасаси фуқароларни чет элда доимий яшовчи сифатида рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларини расмийлаштиради ва масалани белгиланган тартибда келишиш учун ҳужжатларни Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ички ишлар вазирлигига юборади.

Юқоридаги бандда эътибор бериш лозим бўлган муҳим жиҳат шуки,  фуқаро хорижий давлатга ошкора келган,  яъни барча ҳужжатларни тўғри расмийлаштирган ҳолда мамлакатдан қонуний йўл билан чиққан бўлиши керак.

Худди шундай саволга Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар Вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун консуллик хизматлари интерактив веб саҳифасида ҳам жавоб берилган бўлиб,  у ерда,  жумладан,  шундай дейилади:

Ваколатли органларининг қисқа муддатга хорижга чиқиш бўйича рухсатини олган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик идораларига хорижда доимий яшаб қолиш учун рухсатнома олиш борасида мурожаат этишлари мумкин,  фақат бунда аризачилар ўзлари турган мамлакатда қонуний мақомда истиқомат қилаётган бўлишлари шарт.

Бунинг учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:

• Эркин тарзда ёзилган ариза;

• Белгиланган шаклдаги анкета-ариза (консулдан олинади);

• Паспортнинг барча варақларидан (шу жумладан,  бўш варақлардан) олинган нусха;

• Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (ёки унинг нотариал тасдиқланган нусхаси);

• 14 ёшдан 18 ёшгача фарзандлари бўлса ва улар ота-оналари (ёки улардан биронтаси) билан хориждаги доимий турар-жойга чиқиб кетишга рози бўлса,  уларнинг ариза шаклидаги нотариал тасдиқланган розиликлари;

• Никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома (ёки унинг нотариал тасдиқланган нусхаси);

• Ота-оналарнинг,  шунингдек , эрнинг (хотиннинг) нотариал тасдиқланган розиликлари (агар улар вафот этган бўлса, вафотини тасдиқловчи ҳужжатлар);

• Эрнинг (хотиннинг) вояга етмаган фарзандлар билан бирга чиқиш учун ҳужжатларини расмийлаштиришда,  хотиннинг (эрнинг) нотариал тасдиқланган розилиги бўлиши шарт (ҳатто ота-она никоҳи қайд этилмаган бўлса ҳам);

• 6 та фотосурат (шунингдек,  фарзандлар ҳам бирга расмийлаштирилаётган ҳолда,  ҳар бир фарзанд учун ҳам);

• Консуллик йиғими ҳамда амалдаги харажатларни қоплаш йиғими тўланганлиги тўғрисидаги паттанинг нусхаси;

• Бошқа ҳужжатлар (Ўзбекистон Республикасининг ваколатли идоралари сўровига мувофиқ).

Демак,  хорижга вақтинча яшашга келган,  Ўзбекистондан вақтинчалик (2 йиллик) ОВИР визаси билан чиққан ҳамда хорижий давлатда доимий яшовчи мақомини қўлга киритган фуқаролар Ўзбекистон консуллик муассасаларида доимий яшовчи сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин.

Хорижда доимий яшовчи фуқаро сифатида рўйхатдан ўтишнинг бир қатор афзалликлари бўлиб,  жумладан,  сиз паспорт янгилаш каби ҳужжатли ишларни Ўзбекистонга бормасдан туриб амалга оширишингиз мумкин.  Шунингдек,  хорижда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларига  доимий муддатга ОВИР берилади.  Бундан ташқари,  Ўзбекистонга беш йилдан зиёд муддат давомида ташриф буюрмасангиз юзага чиқиши мумкин бўлган фуқароликни бой бериш хавфидан ҳам ҳоли бўласиз.

Агар консуллик ходимлари сизга бундай хизмат кўрсатишдан бош тортса,  юқорида келтирилган қонуний ҳужжат банди ҳамда Ташқи Ишлар Вазирлигининг веб саҳифасидаги жавобни консуллик ходимига кўрсатинг ва ҳуқуқингизни талаб қилинг.  Бу иш натижа бермаса,  консуллик ходими устидан консулхона раҳбари ёки Бош консул ёхуд хорижий давлатдаги Ўзбекистон Элчисига шикоят қилинг.  Шикоятларингизга ижобий жавоб олмасангиз,  Ташқи Ишлар вазирлигига консуллик ходими ёки муассасасининг устидан шикоят қилишингиз мумкин.

Мақола «Tashabbus.uz» сайти билан ҳамкорликда тайёрланди.

SHARE