Ўзбекистонда давлат тест синови тизимига ўзгартиришлар киритилди

Ўзбекистон Президенти олий таълим муассасалари бакалавриатига танлаган мутахассислиги бўйича ўқишга кираётган абитуриентларни тест синовидан ўтказиш сифати ва холислик даражасини ошириш, уларнинг интеллектуал даражаси, дунёқараши ва мустақил фикрлаш қобилиятини баҳолаш мақсадида шу йил 30 апрелда Республика олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарорга имзо чекди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори Жаҳонгир Исмоиловнинг ЎзА мухбирига берган интервьюсида айтилишича, 2014/2015 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда математика фани бўйича тест синовларига информатика ва ахборот технологияларига тааллуқли савол ҳамда топшириқлар киритилмоқда. Мисол учун, математика бўйича 30 савол, информатика ва ахборот технологиялари бўйича 6 савол киритилди.

ДМТ раҳбарига кўра, тест синовларига математика фани ҳам киритиладиган 168 таълим йўналишининг 108 таси бўйича имтиҳонларга юқорида қайд этилган масалаларни жорий этиш кутилмоқда. Чунончи, “Математика фанини ўқитиш услуби”, “Физика ва астрономия фанини ўқитиш услуби”, “Кимё фанини ўқитиш услуби”, “Физика”, “Иқтисодиёт”, “Солиқ ва солиққа тортиш”, “Электроника ва асбобсозлик” ва бошқа таълим йўналишлари шулар жумласидандир.

Абитуриентларнинг билим даражасини аниқлашда (3,1 балл даражасида баҳоланади) мутахассислик бўйича фанлар ролини тубдан ошириш мақсадида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилишда тест синовларига киритилган фанлар рўйхатини қайта кўриб чиқилган.

Таълим йўналишлари таҳлил этилиб, 43 таълим йўналиши бўйича тест синовлари ўтказиладиган фанлар, жумладан, 22 йўналиш бўйича мутахассисликка оид фанлар қайта кўриб чиқилди.

“Геофизика”, “Кончилик иши”, “Нефть ва газ конларига ишлов бериш ҳамда улардан фойдаланиш”, “Электротехника, электромеханика ва электр технологиялари” (соҳалар бўйича), “Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси” (соҳалар бўйича) ва бошқалар шундай фанлар жумласига киради.

Жаҳонгир Исмоилов фикрича, жорий этилаётган мазкур янгиликлар абитуриентлар билим даражасини холисона баҳолашда мутахассисликка оид фанларнинг роли ва аҳамиятини сезиларли равишда ошириш имконини беради.

Ўзбекистон Президентимнинг 2012 йил 10 декабрда “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан бу йил тест синовлари тизимига 24 таълим йўналишида чет тиллар бўйича тест синовлари жорий этилаётир. Шундай қилиб, чет тиллар бўйича тест синовлари ўтказиладиган таълим йўналишлари сони 35 дан 59 тага етди.

Булар “Ташишларни ташкил этиш ва транспорт логистикаси” (транспорт турлари бўйича), “Радиоэлектрон ускуналар ва тизимлар” (соҳалар бўйича), “Телекоммуникация”, “Информатика ва ахборот технологиялари” (соҳалар бўйича), “Ахборот хавфсизлиги” (соҳалар бўйича), “Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти” (соҳалар бўйича), “Энергетика”, “Автомобиль ва тракторсозлик” ва бошқа йўналишлардир.

Жорий йилдан физика асосий мутахассислик фани бўлган таълим йўналишлари сони бештадан йигирматага кўпайтирилди. Булар, масалан, “Механика”, “Геофизика”, “Кончилик иши”, “Нефть, газ ва кимё саноати технологияси”, “Электротехника, электромеханика, электр технологиялари” йўналишларидир.

Биология асосий фан сифатида ўқитиладиган таълим йўналишлари сони ўн саккизтадан йигирма биттага кўпайди. “Қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилик”, “Зоотехния” (турлар бўйича), “Ветеринария” ва бошқалар шулар жумласидандир.

ДТМ раҳбарининг айтишича, абитуриентларнинг мантиқий фикрлаш қобилияти, дунёқараши, тест синовлари ўтказиладиган фанларни қанчалик чуқур билишини аниқлашга қаратилган тест саволларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.