Ўзбекистон жанубида лўлилар экстремистик ташкилот фаолиятига жалб қилинган

“Ҳизб ут-Таҳрир” экстремистик ташкилоти ўз сафига Ўзбекистон жанубидаги маҳаллий лўлиларни жалб қилган. Улар мазкур тақиқланган диний ташкилот махсус фондига 5 минг доллар йиғиб берган. Бу уларнинг асосий фаолияти тиланчилик бўлишига қарамасдандир, деб ёзади 12news.uz сайти ўзининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига таяниб.

Хабарда айтилишича, ушбу махсус фонднинг маблағларини яширин “Ҳизб ут-Таҳрир” экстремистик гуруҳи раҳбари Раҳим Ҳайдаров ўз шахсий мақсадларида фойдаланган.

“Мазкур гуруҳ раҳбари агар ташкилотнинг аёллар қаноти раҳбари билан ошиқ-маъшуқлик ўйнамаганида эътиборга тушмасди. Унинг эри ахлоқ тузатиш колониясида жазо ўтаётган эди. Эр қамоқдан чиққач, қариндошларидан хотинининг “муҳаббати” хусусида хабар топиб, бу борада ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишни маъқул кўради. Унинг гувоҳлик беришича, Раҳим Ҳайдаров мунтазам махфий йиғилишлар ўтказиб турган. Мазкур йиғилиш иштирокчилари жиҳодга кириш йўллари, араб мамлакатларида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш, жангариларни моддий қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилишган. Айни пайтда у “Ҳизб ут-Таҳрир”нинг Тожикистонда яшириниб юрган етакчиларидан бири Сайфиддин Мўминов билан чамбарчас алоқада бўлиб турган”, деб маълумот беради сайт манбаси.