Ўзбекистонда мактабни тамомлаш муносабати билан турли тантаналар ўтказиш тақиқланди

Ўзбекистон мактабларида “сўнгги қўнғироқ” тадбирлари ўрнига «Хайр, мактаб — салом, коллеж» тадбирларини ўтказиш жорий қилинди. Гап шундаки, Ўзбекистонда умуммажбурий таълим 12 йилдан иборат бўлгани сабабли мактабларнинг 9-синфини тамомлаган ўқувчилар коллеж ёки академик лицейларда таълимни давом эттиришга мажбур. Шунинг учун ҳам оммавий ахборот воситаларида мактабларга нисбатан сўнгги қўнғироқ атамаси ишлатилмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Файзулла Аҳмедовнинг “Оила даврасида” газетасига берган интервьюсида айтилишича, ўтган ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида ўқув йилининг охирги кунида «Хайр, мактаб — салом, коллеж» тадбирларини ўтказиш яхши анъанага айланди. Бу йил умумтаълим мактабларининг 9-синфини 501 мингдан зиёд ўқувчи битиради. Шу мақсадда 24 май куни бўлиб ўтадиган тадбирларни «Замонавий билимлар билан замонавий касб-ҳунарга эга бўламиз» шиори остида ўтказиш белгиланди. Унда 9-синф битирувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш бўйича жамоатчиликни жалб қилган ҳолда ташвиқот ва тарғибот ишлари амалга оширилади, танлаётган касбга бўлган қизиқишлари янада кучайтирилади.

9-синф битирувчилари ўзлари танлаган касб-ҳунар коллежи ё академик лицейга ота-онаси ва ўқитувчилари билан бирга бориб, у ердаги шарт-шароитлар билан танишади.

Халқ таълими вазирининг буйруғига асосан, якуний Давлат аттестациясини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлашда ўқувчи, битирувчилар ва уларнинг ота-оналаридан пул йиғиши, мактаб ва синф раҳбарлари ё ўқитувчиларга турли қимматбаҳо совғалар тақдим қилиш, турли тантаналарни хонадонлар, ресторан ёки қаҳвахоналарда ўтказиши қатъиян тақиқланган.