Илм-фанда ёш асосий омил эмасми?

Ўзбекистонда сўнгги 14 йил давомида биронта ҳам академик сайланмаган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон фанлар академиясининг 77 нафар ҳақиқий аъзоси бўлиб, уларнинг аксарияти асосан 1995-2000 йилларда академик бўлган. Академия низомига кўра, ҳақиқий аъзолар ҳар икки йилда бир марта сайланиши керак. Йиллик йиғилишлари ҳам тўлиқ ўтказилмаяпти, деб ёзади Anhor.Uz сайти колумнисти Мансур Ибрагимов.

Унинг ёзишича, Ўзбекистон фани доимо юқори рейтингга эга бўлган. Мамлакатнинг кўплаб олимлари номлари хорижда анча танилган. Бугунги кунда улкан натижаларга эришилмоқда. Қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича истиқболли ишланмалар бор. Бундай ишланмаларни ҳаётга жорий қилиш учун 6-8 йил керак бўлади. Ген технологияси асосида қурғочиликка чидамли, узун толали, юқори ҳосилли, энг асосийси, тез етиштириладиган пахта навлари яратилди. Аритмияни даволашда ишлатиладиган “аллапинин” препарати ишлаб чиқилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон олимлари ва мутахассислари меҳнати ва истеъдоди маҳсулидир.

Аммо колумнистнинг қайд этишича, илм-фан соҳасида муаммолар ҳам талайгина. Улардан бири мутахассисларни яшартиришдир. Уларнинг фикрича, ёшлар, янги ғоялар илмий-техник ривожланишга хизмат қилади. Бундай ёндашув тарафдорлари кўп ҳолатда АҚШнинг Лос-Аломос лабораториясини мисол тариқасида келтиришади. Негаки, ушбу муассасада атом бомбасини кашф қилиш устида 1200 нафар олим ишлаган бўлса, уларнинг ёши ўртача 25 ёшни ташкил қилган.

Аммо илмий кадрлар алоҳида эътибор талаб қиладиган масала, дейди колумнист. Ҳар доим ҳам ёш ҳал қилувчи роль эгалламайди. Айниқса, тиббиёт ва табиий фанларда тажриба катта аҳамият касб этади. Фаннинг бундай соҳалари учун 60 ёш айни илмий самара келтирадиган давр ҳисобланади. Шунинг учун олимга 60 ёшга тўлгани учун кафедрани топширишни талаб қилиш қалбсиз амалдорнинг амалда расмиятчилик, ғўр ва иш учун зарар келтирадиган ёндашувидир.

Шуни англаб етиш керакки, деб ёзади муаллиф, олимлар барча индивидуал нуқтаи назардан товар бўлиб, таъбир жоиз бўлса, якка товардир. Уларнинг ҳар бири йиллар давомида шаклланади, беқиёс тажриба тўплайди. Бу тажриба ҳар доим ҳам ўқув қўлланмалари ва монографияларда акс эттирилавермайди. Шунинг учун ҳам олим, мутахассис фаолиятига баҳо қўйишга ҳам худда шундай индивидуал ёндашиш керак. Раҳбар вазирлик ва идоралар томонидан юборилаётган турли анкета ва саволномлар эса кутилган натижани беришдан кўра уларнинг ишига халақит беради, холос.

Муаллиф олимларнинг билим ва тажрибаларини баҳолашга холис ёндашиш кераклигини айтади. “Баҳоловчи” сифатида иштирок этаётган янги раҳбарларнинг шахсий симпатияси ва антипатиясидан келиб чиқиб иш тутиш яхши эмас, зеро бошқа олимларнинг характери ҳам “шакар” эмаслигини уқтиради, дейди колумнист. Пенсия ёшига етган профессорга кафедрани ёш мутахассисларга бўшатиб бериш ҳамда маъруза ўқиш таклиф қилинар экан, буни тўғри қабул қилиш қийин, дейди у. Ҳар қандай физик-ядрошунос исталган вақтда сувоқчиликни ўрганиб олиши мумкин, лекин аммо биронта сувоқчи касалга ташхис қўя олмайди, ядровий физикани тушунмайди.

Колумнист, шунингдек, дисстертация масаласига ҳам алоҳида урғу бериб ўтган. Диссертациялар эндиликда фақатгина докторлик диссертациялари ҳисобланади. Агар илгари тадқиқотчилар йиллар давомида номзодлик диссертацияси устида бош қотириб, кутубхоналарда ҳамда лабораторияларда кун ўтказган бўлса, бугун ҳаммасини интернет бажармоқда. Компьютер дастури орқали ишни шундай киритасан, тамом, ҳаммаси ҳал этилади. Ҳозир бундай йўл билан олим бўлиш осон бўлиб қолди, интернетдан диссертацияни оласан ва ўзбек тилига ўгирасан — масала ҳал, деб ёзади муаллиф.

Барча эришилган ютуқлар ҳар доим бўлишига кафолат йўқ, айниқса, илмий кадрларни танлаш ва уларни тайёрлашдаги ўйламасдан олиб борилаётган ишлар яхшиликка олиб келмайди, деб хулоса қилади муаллиф ўз мулоҳазаларига.