Ўзбекистонда давлат мулкига масъулиятсизлик билан қараган юздан ортиқ амалдорларга нисбатан чора кўрилган

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг раҳбарлари ўз балансида бўлган бино ва иншоотлар, бошқа давлат мулки объектларининг сақланиши, тегишли даражада авайлаб асралиши ва самарали фойдаланилишини таъминлаш бўйича қониқарсиз ишлаган ва масъулиятсизлик билан қараган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида қайд этилган. Қарорда айтилишича, давлат мулкини хусусийлаштириш ва бошқариш соҳасида қонунчилик бузилишига йўл қўйган Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг бир қатор ҳудудий органлари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган, давлат мулки объектларини балансида сақловчи юздан ортиқ давлат ташкилотлари раҳбарларига нисбатан қаттиқ жиноий ва интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Президент ўз қарорида давлат мулки объектларининг ялпи инвентаризацияси ўтказилиб, унинг натижалари бўйича фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар, қурилиши тугалланмаган объектларнинг рўйхати аниқланганини қайд этган.