Ўзбекистон иккита Dreamliner самолётини харид қилади

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб 2016 йилда Boeing 787-800 Dreamliner самолётларидан фойдаланишга киришади. Бу ҳақда “РИА Новости” ахборот агентлиги компания вакилига таяниб хабар тарқатди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати яқинда қабул қилган қарорида иккита Boeing 787-800 Dreamlinerни харид қилиш жадвали ҳамда уларни молиялаштириш тартиби белгилаб берилган. Мазкур ҳужжатга биноан, биринчи авиалайнер “Ўзбекистон ҳаво йўллари” тасарруфига 2016 йил июнь ойида келиб тушади, иккинчиси эса орадан икки ой ўтиб тақдим қилинади.

246,5 миллион долларлик шартноманинг 132,2 миллион доллари Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан, 98,5 миллион доллари хорижий банк кредити эвазига ҳамда компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу самолётларни харид қилиш бўйича шартнома 2008 йилда имзоланган.

Ҳозирги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” таркибида 33 та хориж самолёти бўлиб, уларнинг 15 таси Boeing, 15 та Airbus, учтаси RJ-85, иккитаси юк ташишга мўлжалланган А300-600F самолётидир. Ҳозирда авиакомпания дунёнинг 21 та шаҳрига парвоз амалга оширади.