Ислом Каримов одамларнинг норозилигини қўзғаётган барча қолдиқлардан воз кечиш йўлларини кўрсатди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон халқига йўллаган Янги йил табригида Ўзбекистоннинг бугунги кунда тараққиёт йўлида барқарор суръатлар билан қадам қўяётганида, обод ва фаровон ҳаёт қураётганида бу саховатли заминда яшаётган ҳар қайси инсоннинг, унинг миллати, дини, эътиқодидан қатъи назар, муносиб ҳиссаси борлигини, бутун халқимизнинг машаққатли меҳнати, мардлиги ва матонати, бағрикенглиги, бир оила бўлиб яшаётгани, қисқача айтганда, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва меҳр-оқибатлик туйғуси нақадар катта бойлик эканини алоҳида қайд этди.

Айни пайтда Ўзбекистон раҳбари бунга иқрор бўлиш учун аввало ҳозирги кунда дунёда содир бўлаётган воқеаларни, яқин ва узоқ атрофимизда хавф-хатарлар, сиёсий ва иқтисодий қарама-қаршиликлар авжига чиқиб, терроризм ва экстремизм ҳаракатларини, қон тўкилишларни кўриб-кузатиб турганимиз ҳеч кимни тинч ва бепарво қолдирмаслигини таъкидлади

“Бундай кескинлашувлар, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, дунё бозорларидаги ноаниқ вазият ва танглик давом этишининг кутилиши – бундай таҳликали аҳвол барчамиздан ҳушёрлик, сезгирлик ва сафарбарлигимизни оширишни, содда қилиб айтганда – бўш келмаслигимизни талаб қилади”, деди Ислом Каримов.

Ислом Каримовнинг қайд этишича, бир муҳим масалани эсимиздан, хаёлимиздан асло чиқармаслигимиз керак. Ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Айниқса, биз XXI асрда, глобаллашув, интеллектуал тараққиёт ва интернет замонида яшаётганимизни инобатга оладиган бўлсак, эришган марра ва ютуқлар билан чегараланмасдан, ҳаволаниш кайфиятига берилмасдан, аксинча, доим янгиликка интилишимиз, эртанги кунимизни, олдимизда турган муаммо ва қийинчиликларни ўзимизга яққол тасаввур қилиб яшашимиз лозим. Фақат шундай жамият, қолаверса, давлатгина жадал суръатлар билан ўзгариб бораётган замон билан ҳамқадам бўлиб яшаши мумкин.

Президент 2015 ва келгуси йилларнинг режалари ва янги марраларни эгаллаш ҳақида сўз юритиб, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни тез суръатлар билан ривожлантириш йўлидан барча ғов ва тўсиқларни олиб ташлаш, уларнинг эркинлигини таъминлаш кераклигини кўрсатиб ўтди.

Шунингдек, бутун жаҳон миқёсида иқтисодий ва сиёсий вазият тобора кескинлашиб бораётганини инобатга олган ҳолда, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни изчил чуқурлаштириш, ишлаб чиқариш соҳасини узлуксиз техник, технологик янгилаб бориш ва модернизация қилиш, замонавий ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш лозим.

Шу масалалар билан чамбарчас боғланган яна бир вазифа – иқтисодиётда давлатнинг улуши ва ўрни қай даражада бўлишини танқидий кўз билан баҳолаб, уни стратегик ҳамда иқтисодий асосланган даражага қадар қисқартиришдан иборат. “Очиғини айтганда, мана шу ўта муҳим ислоҳотларимизни ярим йўлда қолдирмасдан, мантиқий якунига етказсак – марра бизники”, деди Ислом Каримов.

Президентнинг фикрича, айни шу асосда эски маъмурий-буйруқбозлик тизимидан ҳали-ҳамон мерос бўлиб келаётган, одамларнинг норозилигини қўзғаётган барча қолдиқлардан воз кечишга имкон туғдирамиз, улардан озод бўламиз.