Ўзбекистонда 2015 йилда ойлик-маош 22 фоиз ўсади

2015 йилда Ўзбекистон давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилади. Яъни, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини, мухтасар айтганда, инсон омилини янада юксалтириш эътибор марказида бўлади. Бу ҳақда Ислом Каримов Ўзбекистон халқига йўллаган табригида айтиб ўтди.

Ислом Каримовнинг сўзларига кўра, 2015 йилда иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдорининг ўртача ўсиши 22 фоиздан кам бўлмасдан, аҳолимизнинг реал даромадлари 10 фоизга кўпайиши белгиланмоқда.

Кичик бизнес ва фермер хўжаликлари учун янги йилда ягона социал тўловлар ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга туширилади. Шу тариқа 440 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ уларнинг ихтиёрида қолдирилади. 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахсларнинг бир минимал ойлик ҳажмидаги маошидан солиқ олинмайди. “Барча ишчиларга тегишли бўлган бу янгилик авваламбор бошқаларга нисбатан ойлиги энг кам бўлган фуқароларга кўпроқ наф беришини алоҳида қайд этиш лозим”, деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон раҳбарининг қайд этишича, айни шу тадбирлар ҳисобидан меҳнаткашлар камида 120 миллиард сўм наф кўради. Янги йилда бериладиган бундай имтиёзларнинг рўйхатини яна давом эттириш мумкин.