Ўзбекистонда сенаторлар сайлови 2015 йилнинг 13—14 январь кунлари бўлиб ўтади

Марказий сайлов комиссиясининг қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари сайлови шу йилнинг 13—14 январь кунлари бўлиб ўтади.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 52-моддасига мувофиқ, Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – олти кишидан сайланади. Олий Мажлис Сенатига сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон парламенти юқори палатасининг 84 нафар аъзоси давлат ҳокимиятининг маҳаллий вакиллик органлари томонидан, 16 нафари Президент фармони асосида шакллантирилади.