Ўзбекистонда қайта молиялаш ставкаси 9 фоизга туширилди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасини 10 фоиздан 9 фоизга туширди. Бу ҳақда банк расмий сайтида маълум қилинган.

Унда қайд этилишича, инфляциянинг амалдаги ва кутилаётган даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳамда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини, иқтисодиётнинг реал секторида инвестицион фаолликнинг ошишини янада рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви 2015 йилнинг 1 январидан қайта молиялаш ставкасини амалдаги 10 фоиздан 9 фоизгача тушириш бўйича қарор қабул қилди.

Эслатиб ўтамиз, қайта молиялаш ставкаси охирги марта 2014 йил 1 январида, “инфляция даражасининг 2014 йилги прогноз кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда ҳамда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини рағбатлантириш мақсадида” 12 фоиздан 10 фоизга туширилган эди.

Экспертларнинг фикрича, қайта молиялаш ставкасининг туширилиши молия бозорида арзон кредитларнинг кўпайишига, пировардида аҳолининг истеъмол қувватига олиб келади. Шунингдек, ҳукумат дастури асосида амалга оширилаётган бир қатор кредитлар ставкаси пасаяди.