Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадош ҳудудлар ҳимоясини кучайтирган

Ўзбекистон 2015 йилнинг биринчи ҳафтасида Афғонистон билан чегаралар ҳимоясини кучайтирган. Бунга Афғонистон билан чегара ҳудудларда ноқонуний қуролли тўдаларнинг ҳамда наркотрафикнинг фаоллашиб қолгани сабаб бўлган.

“Тезкор маълумотлар шуни кўрсатаяптики, Афғонистон ҳукуматига буйсунмайдиган ҳарбий тўдалар сони жонланиб қолган”, деб хабар берган Ўзбекистон Республикаси МХХ Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси вакили “РИА Новости” ахборот агентлигига.

Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг ушбу мамлакат билан чегара ҳудудларидаги чегара постлари ўртасида алоқа схемаси ишлаб чиқилган. Бу чегарани штат режимида бошқа кучларни жалб қилмасдан қўриқлаш имконини беради. Ушбу чоралар, авваламбор, ўзаро техник алоқанинг кучайгани, қўшимча махсус разведка воситаларидан фойдаланиш ҳамда ахборот йиғиш билан боғлиқдир.

Бундан аввалроқ, Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов Афғонистоннинг Туркманистон ва Тожикистон билан чегара ҳудудларида диний радикал гуруҳларнинг йирик кучлари йиғилиб, улар фаоллашиб қолганини қайд этган эди.

Хорижий илмий-тадқиқот ташкилотлари маълумотларига кўра, собиқ Иттифоқ мамлакатлари орасида Ўзбекистоннинг Афғонистон билан 137 километрлик чегараси энг ишончли ҳимояга эга бўлган линия ҳисобланади.

SHARE