Янги сайланган депутатларнинг биринчи мажлиси 12 январь бўлиб ўтади

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисини 12 январь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўрисида қарор қабул қилди.

Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматининг хабар беришича, мажлис кун тартибига ташкилий масалалар киритилган.

Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисини Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов олиб боради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови натижаларига кўра, парламент қуйи палатасига 150 нафар депутат, шу жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан 52 нафар; Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 36 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 27 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 20 нафар депутат сайланди. 15 нафар депутат Ўзбекистон экологик ҳаракатининг вакилларидир.

Айрим оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери лавозимига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Нурдинжон Исмоилов сайланиши мумкин. У Наманган вилоятидан депутат этиб сайланган.

SHARE