Георгий Мирский: “Катта фожеанинг олдини олишга ҳали ҳам вақтимиз бор”

Франциядаги Шарли Эбдо журнали ижодкорларига қарши уюштирилган террор акти нафақат Ғарбда, балки мусулмон оламида жиддий баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Чунки мавзу шу даражада нозикки, бунда ҳар бир сўзни “етти ўлчаб” сўнг гапиришга тўғри келади. “Ватандош” ушбу масаладаги тортишувларни кузатиб, Россиянинг фан арбоби Георгий Мирскийнинг фикрларини қисқартирилган кўринишда эътиборингизга ҳавола этади.

Шарли Эбдо билан боғлиқ фожеанинг ягона ижобий жиҳати шундаки, исломлашиш ва “ислом  терроризми” муаммолари атрофидаги баҳс-мунозаранинг бошланганидир. Фикрларнинг хилма-хилли шу билан изоҳлаш мумкинки, бизда ҳам, Ғарбда ҳам 99 фоиз одамлар “мусулмон” ва “исломист” сўзларининг фарқига бормайдию

Мусулмонларнинг аксарияти қисми (уларнинг сони қарийб 1,5 миллиард киши) ҳамма қатори, христиан, индуист ёки буддистлар сингари ишлайдиган, қонунга итоат қиладиган одамлардир. Аммо уларни ажратиб турадиган яна бир нарса — динига чиндан ихлос қўйгани яққол кўриниб туради. Агар “Худо сизнинг ҳаётингизда муҳим роль ўйнайдими?” деган савол мужассам бўлган тамойилга асосланилса, (Европада ижобий жавоб 20 фоиз, АҚШда 70 фоизгача боради), бунда шак-шубҳасиз мусулмонлар биринчи ўринга чиқади. Ислом нафақат дин, балки бошқа динларда кузатилмайдиган одамларни глобал ҳамжамиятга бирлаштирадиган муҳим унсурдир.

Ғарбий Европада истиқомат қилаётган миллионлаб мусулмонлар она сутидан бир нарсада қатъий туришган: “Биз алоҳида жамиятмиз. Ўз исломий моҳиятимизни йўқотишга, бегона жамиятга сингиб кетишга, бошқа маданиятни ўзлаштиришга йўл қўйиб бўлмайди”. Бу ҳақиқатни ёддан чиқаришга айнан ана шу мусулмонлар жамияти йўл қўймайди.

Айнан мана шу истак, яъни нимаики бўлса-да, ўзга мамлакатда барча “ўзлиги”ни — маданияти, анъаналари, ахлоқ нормаларини, европаликларнинг асабига тегса-да, сақлаб қолиш бунинг асосий сабабидир. Мусулмон касалликдан азобланаётган хотинини касалхонага олиб борса ва унга эркак шифокор қарайдиган бўлса (чунки ўша пайтда аёл шифокор бўлмаслиги мумкин), у жанжал кўтаради, тиббиёт муассасаси ходимлари билан уришади, кейин касалхона устидан судга мурожаат қилади. Аёл киши жамоатчилик жойида ниқобни ечиб юришдан бўйин товласа, унга эътироз билдирилса, унинг эри жанжал кўтаради, ўзини қўйишга жой топа олмай қолади. Бошқалари эса болалар ўйинчоқлари магазини пештахталаридан чўчқа тасвири туширилган ўйинчоқларни олиб ташлашни талаб қилади. Яна бир жиҳати, маҳаллий мусулмон жамоаларнинг руҳоний-раҳбарлари умумий юрисдикция судларига эмас, балки диний маҳкама қарорларига буйсуниши кераклиги уқтиришади. Табиийки, ўзини ҳурмат қиладиган Европа жамияти учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир.

Бегона мамлакатга келдингми, сени қабул қилгани учун раҳмат дегин, ўша мамлакат қонунлари бўйича яша. Агар хоҳламасанг, юртингга қайт, бу — сенинг танловинг. Аслида шундай гаплашиш керак. Аммо биз нимани кўраяпмиз? Тескари картинанинг гувоҳи бўлаяпмиз. Сиёсий ҳушёрлик (корректность) ва кўпмаданиятлилик шунга олиб келдики, шу пайтга қадар ишлатилиб келган «Merry Christmas and Happy New Year» иборасидан “Рождество” чиқариб ташланди, “Ғарб христиан цивилизацияси”дан “христиан” сўзи йўқолди. Кўчалардан эса рождество арчалари ғойиб бўлди. Аммо булар ҳали хамир учидан патир. Масалан, 2014 йилда Буюк Британияда бир воқеа жуда шов-шув бўлди. Гап шундаки, Йоркшир жанубидаги Розерҳэм шаҳрида 2009-2013 йилларда давомида камида 1400 нафар инглиз қизлари, аксарияти вояга етмаганлар, бир гуруҳ эркаклар тўдаси томонидан жинсий зўравонликка учрайди. Шаҳар ҳокимияти ва полиция буни имкон қадар яширишга ҳаракат қилишган, чунки ушбу рақамлар оммага эълон қилинса, маъмурият ирқчиликда айбланиши мумкин.

Барча бундай салбий хатти-ҳаракатларга кескин зарба беришнинг ўрнига, Ғарбий Европа мамлакатлари борган сари кўпроқ ён босмоқда (Қисман сайловчиларни ўзидан узоқлаштирмаслик нияти ҳам бор бунда). Пайғамбарга карикатура чизишми — марҳамат, аммо маҳаллий мусулмон жамоаларининг юз-кўзинг демайдиган раҳбарларини жойига қўйишга уларнинг қурби етмай қолди. Натижада мусулмон жамоалари етакчилигига исломистлар чиқиб, радикал қарашдаги сиёсий оқим вакиллари ҳаммасини қўлга олиб, вазиятни бошқара бошлайди. Улар мутлақо бошқача одамлар: улар кофирларга қарши курашишни мусулмонларнинг муқаддас бурчи, деб эълон қилишади. Улар Қуръони каримда ислом дини душманларига қарши зўравонлик қўллаш мумкинлиги қайд этилганини исботлашади. Айрим исломистлар Ғарбнинг бутун таъсирини қисқартириш, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, аёллар тенглиги сингари қадриятлар билан дунёвий жамият элементларини ислом оламига татбиқ қилишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларнинг олдини олишни ният қилишган. Бир қисми эса Европадаги мусулмон жамоасини ўзини ўзи бошқарадиган жамоага айлантиришга, бу жамоаларда шариат қонунлари амал қилишига ҳарака қилмоқда. Шундайлар ҳам борки, улар Европага европалик бўлиш учун эмас, балки Европани ислом динига ўтказиш учун келганман, деб ҳисоблайди.

Айнан мана шу таҳдид, айнан мана шу бутун дунё учун хавфдир. Худди шу мафкура самолётнинг Нью-Йоркдаги осмонўпар бинога урилишига, Москва ва Лондон метроларида портлашларга, қизлар учун таълимни илгари сурган покистонлик қизалоқ — Малаланинг бошидан ўқ ейишига сабаб бўлди. Бундай одамлар учун Европа матбуотида Муҳаммад пайғамбарга карикатура босилиши ҳақиқий совға бўлди. Бу исломистларнинг мусулмонларга қарата баланд овозда гапиришига имкон берди: “Кўрдингларми, наҳотки ҳеч нарсани тушунмасангиз, Ғарб исломнинг абадий душмани. Бин Лодин биздаги энг муқаддас бўлган нарса устидан ҳақорат қилишларига йўл қўймаслик ҳақида гапирганида ҳақ эди”.

Париж рўзномаси ходимларини отишга кўрсатма берган бу одамлар янада баралла гапира бошлади. Ахир, улар ўз ҳаётидаги энг муҳим вазифани — цивилизациялар ўртасида урушга яқинлаша олди.

Шунинг учун ҳам мен Муҳаммад пайғамбар карикатурасининг чоп этилишини тўғри қарор, дея олмайман. Сўз эркинлиги? Ким буни чеклашга халақит бераяпти? Айтишларича, агар журналистлар карикатураларни чоп этишдан воз кечишганида, исломистлар бутун Европа оммавий ахборот воситаларига нимани чоп қилиш ёки чоп этмасликни буюришларига олиб келарди. Бунда мантиқ кўрмаяпман: нега Европа мамлакатлари ҳукуматлари иммигрантларга доир сиёсатини ҳуқуқ ва маданият соҳасида максимал даражада кучайтирмайди, айни пайтда оммавий ахборот воситаларига динга тегинмаслик ҳақида кўрсатма бермайди? Умуман, пайғамбарга карикатура чизиш нима беради ва кимга керак?

Барча мавзуда кулиш мумкин, деб ҳисоблайдиган ҳамкасбларимнинг фикрларига қўшилмайман. Агар улар Мейерхольд (СССР санъат арбоби)ни терговчилар дўппослаб, шаъни ер билан яксон қилинган ёки Освенцимда газ камерага юборишдан олдин она қўлидан гўдакнинг тортиб олингани тасвирланган карикатурани кўрганида-чи? Улар Холокостни ёки Сталин қатағонини инкор қилиши мумкин, бу фактни инкор қилиш ҳисобланади. Мусулмонлар пайғамбари умуман бошқа нарса. Ишончим комилки, 100 миллионлаб мусулмонлар учун фаришта Жаброил орқали Аллоҳнинг сўзларига юборилгани ҳамда Қуръоннинг дунёга келиши Холокостдан кўр анча ҳақиқий фактдир. Бу одамларни онгсиз ёки ўрта асрларда қолиб кетган, деб ҳисоблаш мумкин, аммо улар билан ёнма-ён яшашга тўғри келади. Шундай экан, оловга ёғ сепиш тўғри ишмикин? Яна бир марта қайтараман: мусулмонлар Европада бундан кейин ҳам яшашади. Сталин ёки Гитлер сингари тиранларни эса йўқ қилиш мумкин.

Иммигрант жамоаларининг етакчиларини қатъий жойига ўтирғизиб қўйиш керак ва ҳеч қандай ён босишга йўл бўлмаслиги лозим ва “цивилизациялар уруши”га олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан тийилиш лозим. Чунки бунинг олдини олиш мумкин. Ҳали вақт бор.

 

SHARE