Ўзбекистон парламенти қуйи палалатасига янги спикер сайланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига янги спикер сайланди. Парламент қуйи палатасининг 12 январь куни бўлиб ўтган биринчи мажлисида ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Унда Нурдинжон Исмоилов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери этиб сайланди.

Нурдинжон Исмоилов 1959 йилда таваллуд топган бўлиб, Тошкент давлат университетини тамомлаган. Юридик фанлар номзоди, прокуратура ва адлия органларида фаолият юритган, бир неча чақириқ Олий Мажлиси депутати, қўмита раиси сифатида ишлаб келган. 2012 йилдан бери Президент маслаҳатчиси.

Нурдинжон Исмоилов Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Наманган вилоятидан сайланган.

Эслатиб ўтамиз, 2010-2014 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасини Дилором Тошмуҳаммедова бошқарган.

Парламент қуйи палатасининг биринчи мажлисида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам иштирок этди. Бу ҳақда  “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” информацион дастурига асосланиб Kun.Uz хабар тарқатди.

Мажлис давомида сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти бўлиб ўтган парламент сайловлари қонунчилик талаблари ва халқаро нормаларга мувофиқ юқори даражада ўтказилганини таъкидлади.

Ислом Каримов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги таркибига мурожаат қиларкан, депутатларни “Ўзбекистоннинг меҳнаткаш халқи билдирган ишончни” оқлаш учун фидойилик билан ишлашга чақирди.