Ислом Каримов: “Биз эски тузумни тиклашга қаратилган ҳеч қандай иттифоққа ҳеч қачон кирмаймиз”

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов мамлакат парламенти биринчи ялпи мажлисида маъруза қилиб, айрим масалаларда фикр билдириб ўтди.

“Бугунги кунда баъзи мамлакатларда эски совет даврини қўмсаш, ўша замонга қайтиш учун турли уринишлар бўляпти. Айрим хорижий телеканалларда Ленин даврини, Сталин даврини, СССРни улуғлаш кайфиятлари кучайиб боряпти. Бундай қараш, бундай ёндашув бизга асло маъқул эмас. Бизнинг ўз ақлимиз, билим ва тажрибамиз, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олган йўлимиз бор. Биз қарамлик ва тутқунликка қайтишга ҳеч қачон рози бўлмаймиз. Ота-боболаримиз айтганидек, кўр ҳассасини бир марта йўқотади”, деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон раҳбари Конституциянинг 22 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда билдирган фикрини яна бир бор таъкидлаб, “биз эски тузумни тиклашга қаратилган ҳеч қандай иттифоққа ҳеч қачон кирмаймиз, мустабид совет даврига асло қайтмаймиз. Шахсан мен бутун ҳаётимни, бутун умримни халқимизнинг озодлигига, Ватанимиз мустақиллигига бағишладим ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмайман”, деди.

Ислом Каримовга кўра, иқтисодий мустақилликка эришмасдан туриб сиёсий мустақилликка эришиб бўлмайди. Ёдингизда бўлса, 90-йилларда четдан бизга маслаҳат берадиган, ақл ўргатадиган қандай “доҳий”лар, қандай иқтисодчилар майдонга чиққан эди. Улар бошқаларнинг тажрибасидан кўр-кўрона нусха олишга, мавжуд вазият, миллий хусусият ва анъаналарни четга суриб қўйиб, қанчалик урингани ҳали-ҳамон эсимизда.

“Халқимизда бир эшикка киришдан олдин чиқишни ўйлаш керак, деган мақол бор. Ўзингиз ўйланг, қарз ҳисобида олган сармояларни қаёққа ишлатишни олдиндан пухта ўйламасдан, аниқ стратегик лойиҳаларни амалга ошириш ўрнига бошқаларга ўхшаб, еб қўйган бўлганимизда, бугун қандай аҳволда бўлардик? Бу ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур деб биламан”, деди Ислом Каримов.

SHARE