Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида визасиз режим жорий қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда

Ўзбекистон ва Тожикистон виза режимини соддалаштириш ҳамда транспорт қатновини йўлга қўйиш музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдулфайз Атоевга асосланиб Anhor.uz хабар тарқатди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг жорий йил Душанбедаги учрашувида тарафлар мавжуд муаммолар учта тоифага ажратилган эди. Унга биноан, биринчи галда зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган ҳамда жиддий ҳаракатларни талаб қилмайдиган муаммолар, иккинчи галда ўрта узоқ муддатга мўлжалланган муаммолар, учинчи ўринда кўп вақт ва катта саъй-ҳаракатлар талаб қилинадиган муаммолар кетма-кетлиги белгиланган.

Атоевнинг қайд этишича, икки давлат фуқаролари учун виза режимини юмшатиш (икки давлат фуқаролари учун камида 30 кунлик визасиз сафар қилиш имкониятини яратиб бериш) ҳамда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи ҳам Ислом Каримов ва Эмомали Раҳмон учрашувида биринчи галда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларнинг биринчи доирасига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 9 январь куни Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари ўз таклифларини Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчисига тақдим қилган.

SHARE