Тошкентда Абдуназар бахши Поёнов концерт беради

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси ва Oxus Culture ташкилоти ҳамкорликда Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов ижросидаги “Гўрўғли” туркумига кирувчи “Малла савдогар” достонини тинглашга таклиф этади.

Oxus Culture хабар беришича, Абдуназар бахши ижро дастуридан “Алпомиш” достони ва “Гўрўғли” достони туркимига кирувчи бир қанча достонлар, шунингдек достон ижрочилиги йўлидаги халқ қўшиқлари, термалар ўрин эгаллаган.

24 январь куни бўлиб ўтадиган тадбирда достон ижроси 2 соат давом этади. Кечага ташриф буюрувчилар сони чекланган. Кечага ташриф буюриш истагида бўлганлар 22 январга қадар 233-14-20 рақамига мурожат қилишлари ёки Facebook’даги махсус саҳифада шахсий хабар қолдиришлари лозим.

Kun.uz маълум қилишича, ушбу лойиҳа Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси ва Oxus Culture ташкилотининг навбатдаги ҳамкорликдаги лойиҳаси бўлиб, 2014 йилда бўлиб ўтган “Шашмақом кўргазмаси” мусиқаий лойиҳаси ҳам мухлисларда илиқ таъсурот қолдирган.

Маълумот учун, Абдуназар бахши ижросидаги бир қанча достон ва қўшиқлар Ўзбекистон радиоси олтин фондидан ўрин олган. Шунингдек, бахши ўз ижоди давомида Франция, Бельгия, Швейцария, Тайвань, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистонда ўз ижодини намойиш этиб, ўзбек бахшичилик анъаналарини дунё халқлари орасида муносиб тарғиб қилиб келмоқда.

SHARE