Ислом Каримов: “Хорижий давлатларнинг мудофаа идоралари билан ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришда давом этамиз”

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табригида ҳарбий қурилиш, қўшинларнинг хизмат-жанговар фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги илғор хорижий тажриба ва замонавий ҳарбий санъат ютуқларини чуқур ўрганиш ва улардан фойдаланиш асосида ишлаб чиқилган, босқичма-босқич ва ўзаро боғлиқ ислоҳотлар дастурларини самарали ва изчил амалга ошириш армиямизни ташкил этишнинг кўп жиҳатдан ҳал қилувчи шарти ва гарови бўлганини қайд этди.

“Шу маънода, хорижий давлатларнинг мудофаа идоралари билан ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш бизнинг энг муҳим устувор вазифамиз бўлиб қолмоқда. Ана шундай хорижий мудофаа идоралари билан ўзаро манфаатли шериклик муносабатлари ўрнатилган бўлиб, бундай ҳамкорлик кенгайиб бормоқда, икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик доирасидаги йиллик режалар амалга оширилмоқда”, — деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ўзининг тинчликсевар сиёсатига ҳамиша содиқ бўлиб келганини ва шундай бўлиб қолишини яна бир бор таъкидлади. “Бизнинг Ҳарбий доктринамиз мудофаа хусусиятига эга бўлиб, Қуролли Кучларимизни мустаҳкамлаш, биринчи навбатда, давлат суверенитети ва мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигини, одамларимизнинг тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга йўналтирилгандир. Мамлакатимиз Мудофаа доктринасига кўра, бизнинг армиямиз Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ҳарбий ҳаракатлар ва операцияларда иштирок этмайди”, — дейилади табрикда.