The Huffington Post: Ўзбекистон 2015 йилнинг сайёҳлик йўналиши

Американинг The Huffington Post нашри тавсиясига кўра, Ўзбекистон 2015 йилнинг сайёҳлик йўналишлари орасида 7-ўринда қайд этилган.

Нашрнинг қайд этишича, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига қараганда тинчлиги, шунингдек, бой тарихи ва маданияти билан маданий-маърифий туризмга қизиқадиган сайёҳлар учун маъқул тушиши мумкин.

The Huffington Post ёзишича, замонавий Ўзбекистон ҳудудида Буюк Ипак йўли ўтган бўлиб, дунёнинг турли нуқталаридан сайёҳларга ушбу минтақа табиати ва қадимий шаҳарларидан баҳра олишга имкон беради. “Ўзбекистон Марказий Осиёнинг икки дарё оралиғида жойлашган гавҳари, Буюк Ипак йўлининг муҳим бўғини ҳисобланади”, дейилади нашр материалида.

Нашр бу ерда Самарқанд, Бухоро ва Хива сингари афсонавий шаҳарлар жойлашгани ҳақида қайд этиб ўтади. Пойтахт Тошкент эса бой тарихга эга замонавий шаҳар ҳисобланади.

2015 йилги туризм йўналишлари қаторига, шунингдек, Малдив, Тинч океанидаги ороллар ва Микронезия, Черчилл (Канада), Техас (АҚШ), Ҳайдаробод ва Гужарат (Ҳиндистон), Руанда, Никарагуа, Мадагаскар, Тайвань, Сент-Китс ва Невис, Бутан, Колумбия, Сербия ва Эрон киритилган.