Ўзбекистон адлия вазири Ниғматилла Йўлдошев Сенат раиси этиб сайланди

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Ниғматилла Йўлдошев Олий Мажлис Сенати раиси этиб сайланди.

Унинг номзодини Ислом Каримов сенаторлар эътиборига тақдим қилди. “Маълумки, Конституциямизнинг 93-моддасига мувофиқ, Сенат раислигига номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан такдим этилиши белгиланган. Ана шу нормага биноан, кўпгина маслаҳатларга асосланиб, мен Олий Мажлис Сенати раиси лавозимига сенатор Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев номзодини тақдим этмоқчиман”, деди Ислом Каримов Сенатнинг биринчи мажлисида.

Ниғматилла Йўлдошев 1962 йилда, Тошкент шаҳрида туғилган, ҳуқуқшунос.

2011 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси адлия вазири лавозимида ишлаб келмоқда.

Н.Йўлдошев меҳнат фаолиятини Олмалиқ шаҳар прокуратурасининг иш ўрганувчиси лавозимидан бошлаб, прокуратура идораларида катта терговчи, бошқарма прокурори, бўлим бошлиғи, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бошлиғи, Бош прокурор ўринбосари лавозимларида хизмат қилган.

“Меҳнат фаолияти давомида орттирган катта амалий ва ҳаётий тажрибаси, билими, касбий маҳорати ҳамда ташкилотчилик ва талабчанлик қобилиятини эътиборга олган ҳолда, Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев Олий Мажлис Сенати раиси лавозимига ҳар томонлама муносиб номзод, деб ҳисоблайман”, деди Ўзбекистон раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ сенатор этиб тайинланган.

SHARE