АҚШнинг янги элчиси Абдулазиз Комиловга ишонч ёрлиғи нусхасини топширди

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистонга янги тайинланган элчиси Памела Спратленни қабул қилди. У вазирга ишонч ёрлиғининг нусхасини топширди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг ҳолати ҳамда 2014 йил 1-2 декабрь кунлари Тошкент шаҳридаги ўзаро сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи раунди доирасида эришилган келишувларнинг амалга ошиш жараёни муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек баъзи халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

АҚШ элчихонаси маълумотларига кўра, янги элчи Тошкентга шу ҳафтанинг душанба куни келган эди.

SHARE