Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Бош вазири этиб тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов мамлакат парламенти қўшма мажлисида Олий Мажлис кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига Шавкат Мирзиёев номзодини тавсия этди.

“Шавкат Мирзиёев ўз раҳбарлик фаолияти давомида турли масъул лавозимларда ишлаган, катта ташкилотчилик ва амалиёт тажрибаси билан обрў қозонган. Уни мамлакатимиз вилоятлари ва туманларидаги барча ҳокимлар, катта-кичик раҳбарлар, халқимиз яхши танийди”, деди Ислом Каримов.

ЎзАнинг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев қўшма мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури ҳақида нутқ сўзлади.

Парламент аъзолари кўрсатилган номзодни маъқуллади ва Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири этиб тасдиқлади. Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис палаталари тегишли қарорлар қабул қилди.

Эслатиб ўтамиз, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Шавкат Мирзиёев номзодини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига таклиф қилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови натижаларига кўра, парламент қуйи палатасига 150 нафар депутат, шу жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан 52 нафар; Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 36 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 27 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 20 нафар депутат сайланди. Шундай қилиб, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Бош вазир номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлган эди.

Шуни қайд этиш керакки, айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати янги сайланган парламент олдида ўз ваколатларини соқит қилиб, истеъфога чиққан. Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳукумат Президент қарорига мувофиқ, фаолиятини давом эттириб туради.