Ислом Каримов: “Ҳарбийларимизни чегараларимиз ташқарисига ўтишига йўл қўймаймиз”

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов янги сайланган Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида нутқ сўзлади. Ислом Каримов, шу жумладан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига ҳам тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда дунёда содир бўлаётган воқеаларни холисона баҳолар эканмиз, кескинлик ва хавф-хатарларнинг тобора ўсиб, геосиёсий қарама-қаршиликлар, ўз таъсир доирасини кенгайтиришга қаратилган курашнинг, радикализм, терроризм ва экстремизм каби таҳдидларнинг кучайиб бораётгани барчамизни ташвиш ва хавотирга солмасдан қўймайди, албатта.

“Кўпчилик давлатлар қаторида Ўзбекистонимизда ҳам айни мана шундай таҳликали вазиятнинг олдини олиш, остонамизга қўймаслик, юртимизда бугун ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, меҳр-оқибат муҳитини асраш, шу билан бирга, юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай хатарли бурилишларга тайёр бўлиш мақсадида ўзимизнинг қатъий позициямиз ва сиёсатимизни аниқ белгилаб олганмиз”, деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон раҳбарининг фикрича, 2012 йили қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги конституциявий қонунда белгилаб берилган, бизнинг хавфсизлигимиз билан боғлиқ бўлган принциплар ва позицияларимиз бугунги кунда жаҳон жамоатчилигига яхши аёндир.

“Авваламбор, узоқ ва яқин қўшниларимиз билан тил топишиб, улар билан ўзаро ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаш ва энг муҳими, ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаслик, муқаддас юртимиз тупроғида чет мамлакатларнинг ҳарбий базаларини жойлаштиришга ва ҳарбийларимизнинг чегараларимиз ташқарисига ўтишига йўл қўймаслигимиз шулар жумласидандир. Бугун юзага келаётган халқаро вазиятда айни шу йўл, шу сиёсат биз учун мақбулдир”, деди Ислом Каримов.

SHARE