Ўзбекистон мусулмонлари идораси барча эътиқодларнинг муқаддас тушунчаларини таҳқирлашни қоралади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Франциянинг «Шарли Эбдо» нашри томонидан пайғамбаримизга карикатура чизишларини қоралади.

Идора расмий сайтида қайд этилишича, Республика бўйича барча жоме масжидларида бўлиб ўтган жума маърузаларида шу ҳақда сўз борган.

Унда қайд этилишича, шу кунларда Франциянинг «Шарли Эбдо» нашри томонидан сўз эркинлиги ва демократияни рўкач қилиб Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.) сиймосини таҳқирлаб, ҳақоратомуз суратнинг чоп этилиши натижасида дунёнинг турли чеккаларида адоват ва нафрат ўчоқлари пайдо бўлмоқда, масжидлар, черковлар ва бошқа эътиқодларга мансуб ибодат уйларига ўт қўйилиб, вайрон этилмоқда. Энг ачинарлиси, мазкур воқеалар оқибатида ушбу ишларга мутлақо дахли бўлмаган кўплаб бегуноҳ одамлар азият чекмоқда. Таъкидлаш жоизки, бундай узоқни ўйламай қилинган калтабин хатти-ҳаракатлар айрим Ғарб давлатларида аввал ҳам содир этилган эди.

Шу сабабли дунёнинг кўзга кўринган дин арбоблари, етакчи уламолар, холис сиёсатчилар бундай хатти-ҳаракатлар яхши оқибатларга олиб келмаслиги, ушбу ҳолат бутун дунёда янги-янги низо ўчоқларини келтириб чиқаришини, ирқлар, миллатлар, динлар тенглиги тамойилини қўпол тарзда бузишини, энг аянчлиси, баъзи ҳиссиётга берилган тоифалар томонидан оқибати яна ҳам мудҳишроқ бўлган жиноятлар содир этилишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирмоқдалар.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги жума маърузасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси барча эътиқодларнинг муқаддас тушунчаларини ҳақорат қилишни, жумладан, Муҳаммад (а.с.) шаънларига нисбатан қилинадиган ҳар қандай тухмат, бўҳтон ва мазаҳни, у қандай даъво билан амалга оширилмасин қоралашини, ҳамда бундай хатти-ҳаракатларни мусулмонлар орасида фитна уруғини сочиш, ихтилоф ва беқарорлик келтириб чиқаришга уруниш деб баҳолашини эълон қилинди.

Ислом таълимоти ўзгалардан яхши муомала ва муносабатни кутган одам аввало ўзи бошқаларга ҳурмат билан муомалада бўлишини уқтиради. Ўзи адолат талаб қилсаю, бировларнинг ҳақ-ҳуқуқларини топтаса, бундай ҳақгўйликдан наф йўқ.

SHARE