Ўзбекистон ҳукумати эскича, самарасиз директорлик корпусидан батамом халос бўлмоқчи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси иқтисодиётда корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий қилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурида қайд этилган.

Унга кўра, корпоратив бошқарув тизимидаги тамойил ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш бўйича энг муҳим устувор йўналишни амалга ошириш мақсадида мулк таркибида давлат улуши бўлган 1100 тадан ортиқ акциядорлик компанияси ва бошқа хўжалик бирлашмалари фаолиятининг самарадорлигини танқидий кўриб чиқиш ҳамда бу соҳада Япония, Жанубий Корея, Германия ва бошқа ривожланган мамлакатларда қўлланилаётган менежмент тизимлари асосида янги услуб ва ёндашувларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш мўлжалланмоқда.

Корпоратив бошқарув тизимида тамойиллар ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш доирасида давлат улушига эга бўлган акциядорлик компанияларининг янги намунавий ташкилий тузилмаси ва уларнинг ходимларига қўйиладиган талаблар тасдиқланади ҳамда вазифалари белгиланади.

Бундан асосий мақсад — бошқарув ходимлари ва мутахассислар лавозимлари номи ва функционал вазифаларини ўзгартирибгина қолмай, балки уларнинг фаолият кўрсатиш тамойилларини тубдан ўзгартиришдан иборатдир. Бу эса, ўз навбатида, ривожланиш учун ўзаро ҳамкорлик ва ташаббускорликка янги туртки беради.

“Навбатдаги муҳим вазифа — бугунги кунда аксарият ҳолларда эскича маъмурий-буйруқбозлик усулида корхонани бошқараётган самарасиз директорлик корпусидан батамом халос бўлиш. Бундан мақсад — корхоналарни бозор иқтисодиётини чуқур биладиган ва юксак профессионал малакали янги менежерлар бошқаришига эришишдир”, дейилади ҳукумат дастурида.

SHARE