Ислом Каримов АҚШ элчиси Памела Спратлендан ишонч ёрлиғини қабул қилиб олди

Президент Ислом Каримов 27 январь куни Оқсаройда Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Памела Спратлендан ишонч ёрлиғини қабул қилиб олди.

ЎзА хабарида келтирилишча, суҳбат чоғида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада мустаҳкамлаш истиқболлари, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар муҳокама қилинди.

Ислом Каримов элчини ушбу вазифага тайинлангани билан табриклаб, унинг масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади.

Элчи АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини юксак баҳолади.

Учрашувда таъкидланганидек, ўзаро манфаатли ва самарали муносабатларни кенгайтириш, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун мавжуд салоҳиятни тўла ишга солиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил этишга томонлар алоҳида аҳамият беради.

Тошкент шаҳрида 2014 йил охирида икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги маслаҳатлашувлар, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси вакиллари ҳамда мамлакатимиз ишбилармонлари иштирокида ўтган бизнес-форумда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларга оид масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

“Мен яқинда мамлакатингиз парламентининг қўшма мажлисида иштирок этишга муваффақ бўлдим. Мамлакатингиз президентининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган, Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилувчи муҳим масалалар кўтарилган маърузаси менда жуда катта таассурот қолдирди. Унда Ўзбекистон Президенти Америка Қўшма Штатлари президенти Барак Обама ва ҳукуматнинг иқтисодиётни, айниқса, иш ўринларини ташкил қилиш борасидаги алоҳида эътироф этгани, айниқса, мени мамнун қилди. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун бор куч-ғайратим ва имкониятларимни сафарбар этаман”, деди элчи жаноблари “Ахборот”га берган интервьюсида.

SHARE