Қозоғистон Президенти Барак Обамага Россияга қарши санкциялар Марказий Осиё учун салбий таьсир кўрсатишини таъкидлади

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев АҚШ президенти Барак Обама билан телефон орқали мулоқот қилди. Америка тарафи ташаббуси билан ташкил этилган мазкур мулоқотда иккитомонлама муносабатларни чуқурлаштириш ҳамда минтақавий масалалар муҳокама қилинди. Икки давлат раҳбарлари, шу жумладан, Украина жануби-шарқидаги вазиятни муҳокама қилишди.

Нурсултон Назарбоевнинг қайд этишича, у ушбу масала билан шахсан ўзи шуғулланмоқда. Қозоғистон тарафи фикрича, ушбу муаммо фақат Украина, Россия, Германия ва Франция раҳбарлари даражасида муҳокамалар йўли билан ҳал қилиниши керак.

“Қозоғистон Президенти америкалик ҳамкасбидан Украина масаласи бўйича янада кўпроқ муросага бориш кераклигини сўради. Нурсултон Назарбоевнинг фикрича, Россияга нисбатан санкциялар Марказий Осиё минтақасига ҳам салбий таъсир кўрсатади”, дейилади Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Барак Обама Нурсултон Назарбоевга шуни маълум қилдики, АҚШ Украинадаги инқирозни демократик ҳал қилиш тарафдори бўлиб, бунинг учун, биринчи галда, Минск келишувларига қатъий риоя қилиниши керак.

Обама, шунингдек, Қозоғистоннинг Украина инқирозини ҳал қилиш борасида саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.