АҚШ 3 нафар ўзбекистонликни одам савдоси билан шуғуллангани учун қидирмоқда

АҚШ Иммиграция ва божхона идораси Ички ишлар тергов бюроси уч нафар Ўзбекистон фуқаросини одам савдосида айблаб, қидирув эълон қилди. Идора расмий сайтида келтирилишича, 2005 йилда идора Канзас сити бўлими Giant Labor Solutions (GLS) корхонасига қарши иш очади ва тергов ҳаракатларини бошлайди. Гап шундаки, идора икки нафар ўзбекистонлик мажбурий меҳнат бизнесини билан шуғулланаётгани ҳамда бунга ноқонуний мигрантларни жалб қилгани ҳақида ахборотни олади.

Ушбу тергов ҳаракатларига Федерал тергов бюроси, Меҳнат вазирлиги, Ички даромад хизмати, Канзас даромад департаменти ва АҚШ фуқаролик ва иммиграция хизматлари жалб қилинди.

Ушбу фирмага нисбатан 2009 йилда жиноий иш очилиб, мажбурий меҳнатга жалб қилиш (одам савдоси) ва хорижий меҳнат шартномалари бўйича фирибгарлик билан шуғулланганлик айби қўйилди.

Ушбу терговда асосий гумондорлардан бири Аброрхўжа Асқархўжаев 2009 йилда мамлакатдан қочиб кетмоқчи бўлаётганда Бруклинда қўлга олинади. Ўша пайтда ушбу гуруҳ томонидан сотиб юборилган 40 нафардан ортиқ одам савдо қурбонлари қутқариб қолинади. Улар бешта штатдаги шаҳарларда мажбурий меҳнатга жалб қилинган.

Ушбу қилмишни содир этган ҳамда ўзаро тил бириктириб олган Санжар Агзамов, Нодир Юнусов ва Рустамжон Шукуров АҚШдан чиқиб кетган ҳамда қочқин сифатида қайд этилган. 2010 йилда ушбу гуруҳга нисбатан одам савдоси орқали мажбурий меҳнатга жалб қилганликда 59 та банд, хорижий меҳнат шартномалари билан фирибгарлик қилганликда 20 та банд бўйича айбланув хулосаси тайёрланган.

АҚШ Иммиграция ва божхона идорасининг Ички ишлар тергов бюроси қочқинлар ҳақида ҳар қандай ахборотга эга кишилардан қўнғироқ қилишни ёки бошқа йўллар билан хабардор қилишни сўраган.

Одам савдоси қурбонлари орасида ўзбекистонликлар бор ёки йўқлиги ҳақида ахборот берилмаган.