Германия Термиз халқаро аэропортидан фойдаланишда давом этади

Германия Ўзбекистоннинг Термиз халқаро аэропортидан фойдаланиш бўйича ижара тўғрисида шартнома муддати узайтирилганини расман тан олди. Бу ҳақда ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Найтҳарт Хёфер-Виссинг маълум қилди.

“Биз ушбу ҳамкорликни яна узайтирдик. У Афғонистонга халқаро тинчликпарвар кучлар кириши билан бошланган эди. Ҳозир буни давом эттираяпмиз. Ўйлайманки, у икки тараф учун фойдали бўлади”, деди элчи жаноблари “Подробно” ахборот агентлиги мухбирига.

Шуни қайд этиш керакки, шу йилнинг 1 январидан НАТОнинг Афғонистондаги хавфсизликка кўмаклашиш халқаро кучлари ўз фаолиятига расман якун ясади. Ушбу миссия ўрнига НАТО янги “Қатъий кўмак” дастурини бошлайди. Дастурга биноан, 40 та мамлакатнинг 12,5 минг нафар ҳарбий қўшинлари Афғонистон ҳарбий кучларини тайёрлаш ҳамда уларга маслаҳат кўрсатиш билан шуғулланади. Германия ушбу дастурда 850 нафар ҳарбий хизматчи билан иштирок этади. Миссияни бажариш давомида бундесвер Термиздаги логистика марказидан фойдаланади.

Мазкур шартнома нархи ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

SHARE