Ўзбекистон Европага 130 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилади

Германияда шу йилнинг 15-25 январь кунлари жаҳондаги энг йирик “Яшил ҳафта — 2015” халқаро қишлоқ хўжалиги ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан, шу жумладан, Ўзбекистондан 1600 дан ортиқ қишлоқ хўжалигига ихтисолашган компаниялар ва фермер хўжаликлари иштирок этди.

“Яшил ҳафта” қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, боғдорчилик ва озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш соҳаларида энг сўнгги ютуқлар намойиш этиладиган платформа ҳисобланади. Унинг ишида хорижий мамлакатларнинг 70 нафар қишлоқ хўжалиги вазирлари ва қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати корхоналарининг 500 нафардан ортиқ раҳбарлари иштирок этди. Ярмарка доирасида қишлоқ хўжалиги вазирларининг саммити ҳам бўлиб ўтди.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев бошчилигидаги Ўзбекистон расмий делегацияси ҳам иштирок этди.

“Подробно” ахборот агентлиги хабар беришича, Ўзбекистон делегацияси вакиллари турли мамлакатлар қишлоқ хўжалиги вазирлари ва компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказган, қишлоқ хўжалиги соҳасига доир долзарб мавзуларда конференция ва семинарларда иштирок этишган.

Ўзбекистон вакиллари кўргазма доирасида 200 кв.м павильонни эгаллаб, сархил мева-чевалар, сабзавот маҳсулотлари, қуритилган мевалар, ёғ ва вино маҳсулотлари, зираворлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини намойиш этишган.

19 январь куни эса Германиянинг 120 дан ортиқ компаниялари вакиллари учун махсус тақдимот ўтказилиб, унда Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва иқтисодий салоҳияти хусусида ахборот берилган.

Кўргазма якунларига кўра, Ўзбекистон Европа мамлакатларига мева-сабзавот ҳамда текстиль маҳсулотлари экспорт қилиш учун 130 миллион доллардан ортиқ шартномалар имзоланган.